Пара таэквондочиларимиз Жанубий Кореяда
Бугун, 5 сентябрь куни Жанубий Кореянинг Мужу шаҳридаги "Т1 Арена" мажмуасида пара таэквондо бўйича жорий йил ҳисобидан навбатдаги Гран-при турнири бўлиб ўтади.
Дунёнинг энг матонатли пара таэквондочилари иштирокида ўтадиган мазкур турнирда “Лос-Анжелес-2028” Паралимпиадасининг дастлабки рейтинг очколари ўйналади.
Мусобақада Бобур Қўзиев бош мураббийлигидаги Ўзбекистон терма жамоасининг 13 нафар аъзоси 8 та вазн тоифасида медаллар ҳамда рейтинг очколари учун кураш олиб боради.

Мужу шаҳрида кечадиган шиддатли жангларда иродали пара таэквондочиларимиздан Зуҳриддин Тоҳиров (-63) Қудрат Ҳайдаров (-63), Жавоҳир Алиқулов (-70), Асад Тоштемиров (+80) ўғил болалар ўртасидаги, Қизлархон Исомиддинова (-47), Каромат Рустамова (-52), Умида Мамаражабова(-52), Камола Расулова (-57), Карима Мелиқўзиева (-57), Розия Эргашева (-65), Каромат Қосимова (-65), Гулжаной Наимова (+65) ва Зулфия Бекбулатова (+65) хотин-қизлар ўртасидаги мусобақаларда совринли ўринларга даъвогарлик қилади.
Гран-при турнири 7 сентябрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА