Пара таэквондочиларимиз жаҳон чемпионатини 3 та медаль билан якунлади
Жанубий Кореянинг Муджу шаҳрида пара таэквондо бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Паралимпия ўйинлари учун рейтинг очколарини тақдим этувчи G-14 тоифасидаги мазкур мусобақада 62 давлатдан 245 нафар пара спортчи ғолиблик учун баҳс олиб борди.
Қувонарлиси, жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари ҳам муваффақиятли иштирок этиб, икки олтин ва бир кумуш медални қўлга киритди.
Хусусан, К41 классида 63 килограммгача бўлган вазн тоифасида Лутфулло Қодиров, К44 классида 65 килограммдан юқори вазнда Гулжаной Наимова барча рақибларидан устун келиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олган бўса, К44 классида 80 килограммдан юқори вазн тоифасида иштирок этган Асадбек Тоштемиров кумуш медалга сазовор бўлди.
Шу тариқа, терма жамоамиз жаҳон чемпионатини учта медаль билан якунлади.

Маълумот учун, пара таэквондо бўйича жаҳон чемпионати одатда ҳар икки йилда бир марта ўтказилади. Бироқ, 2025 йилги чемпионат мезбон шаҳар билан боғлиқ ташкилий сабабларга кўра ўтказилмагани боис, 2023 йилда Мексиканинг Веракрус шаҳрида ташкил этилган жаҳон чемпионатидан кейинги мусобақа 2026 йилда Жанубий Кореянинг Муджу шаҳрида бўлиб ўтди.
2023 йилги чемпионатда Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари Зиёдахон Исоқова ва Асадбек Тоштемиров олтин, Жавоҳир Алиқулов кумуш, Лутфулло Қодиров эса бронза медалига сазовор бўлган. Шу тариқа, терма жамоамиз ўша жаҳон чемпионатини жами тўртта медаль — икки олтин, бир кумуш ва бир бронза билан якунлаган.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА