Пара таэквондочиларимиз G4 таснифидаги турнирни 7 та медаль билан якунлади
Корея Республикасининг Чунчхон шаҳрида пара таэквондо бўйича G4 тоифасидаги Жаҳон очиқ челленж турнири якунланди. Унда дунёнинг 48 давлатидан минг нафардан ортиқ спортчи ва расмийлар иштирок этди.
Мусобақанинг сўнгги кунида +65 килограмм вазн тоифасида баҳс олиб борган Гулжаной Наимова барча рақибларини мағлуб этиб, мусобақа ғолиби бўлди ва терма жамоамизга ягона олтин медални тақдим этди.
Шунингдек, -70 килограмм вазн тоифасида Қудратилло Суннатов ҳамда +80 килограммда Умаржон Муйдинов финалга қадар етиб бориб, мусобақани кумуш медаль билан якунлади. Дарвоқе, аввалги кунги беллашувларда эса Файёз Валижонов (-58 кг), Қудрат Ҳайдаров (-63 кг), Мадина Мусинова (-47 кг) ҳамда Умида Мамаражабова (-52 кг) бронза медалларини қўлга киритган эди.

Шу тариқа, Ўзбекистон пара таэквондо терма жамоаси Жаҳон очиқ челленж турнирини 1 та олтин, 2 та кумуш ва 4 та бронза, жами 7 та медаль билан якунлади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА