Ўзгариш эҳтиёжидан туғилган китоб
Янги китоб тақдимоти
Урганч шаҳридаги “Устоз” кутубхона-дўконида Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзоси Муҳаббат Тўрабоеванинг “Ўзгариш эҳтиёжи” номли бадиий-публицистик китоби тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Шуҳрат Орипов, воҳа ижодкорлари, олимлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Публицистик мақолалар, очерклар, суҳбатлар тўпламидан иборат “Ўзгариш эҳтиёжи” китобида ижтимоий ҳаёт, инсон қалби ва маънавият масалалари чуқур таҳлил қилинган. Уни мутолаа қилган ҳар бир китобхонда фаол ҳаётий позицияни эгаллаш истаги туғилади.

Сўзга чиққанлар муаллифнинг ижодига юксак баҳо бериб, мазкур асар бугунги ўзбек жамиятининг руҳий манзарасини ифода этган, инсон қалбидаги уйғониш эҳтиёжини ҳис эттирувчи китоб бўлганлигини қайд этди. Бугунги кунда мамлакатимизда ижод аҳли учун кенг имкониятлар яратилганини, ислоҳотлар мазмун-моҳиятини жамоатчиликка етказишда журналистларнинг ўрни муҳимлиги таъкидланди.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА