Қарор ва ижро
Ўтган йилнинг 5 августида “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилинган эди.
Ушбу қонун ижросида доирасида Қашқадарё вилоятида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Биринчи босқичда тегишли идоралар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари хатловдан ўтказилган бўлса, эндиликда ушбу тоифадаги ерларга ҳуқуқлар эътироф этила бошланди.
Хусусан, вилоятда 18 нафар фуқаронинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган уй-жойларига бўлган ҳуқуқлари эътироф этилди.
Жорий йилнинг 10 апрель куни Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги ўнинчи сессияси бўлиб ўтди.
Мазкур сессияда жами 18 нафар, шундан Нишон туманидан 14, Чироқчи туманидан 3 ва Ғузор туманидан 1 нафар фуқаронинг якка тартибдаги уй-жойларига ва улар жойлашган ер участкаларига нисбатан ҳуқуқларини эътироф этиш бўйича халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қарори қабул қилинди.
Қонун ижроси натижасида фуқаролар ва тадбиркорларнинг мулклари қонунийлаштирилади, фуқаролар ўртасидаги мулкий низолар, шу жумладан, мерос билан боғлиқ низоларга ечим топилади. Ҳудудларни ривожлантириш билан боғлиқ ҳужжатларни ишлаб чиқишдаги муаммолар камаяди, бозорда қонуний капитал айланмаси пайдо бўлади, энг муҳими аҳолининг кайфиятига ижобий таъсир кўрсатади.
Қонун ижроси вилоят адлия бошқармаси томонидан доимий назоратга олинган бўлиб, келгусида ҳам вилоятнинг барча ҳудудларида режа-график асосида ҳуқуқларини эътироф этиш ишлари олиб борилади.
Жараёнлар давом этмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири