Ўзбекистоннинг COP31даги иштироки – иқлим дипломатиясини мустаҳкамлаш воситаси
Анталияда бўлиб ўтаётган COP31 конференцияси глобал иқлим кун тартибида мажбуриятларни қабул қилишдан уларни амалда бажаришга ўтиш босқичига тўғри келмоқда.
Ўзбекистон учун конференция халқаро майдондаги мавқеини мустаҳкамлаш, шериклик алоқаларини кенгайтириш ва минтақавий ташаббусларни илгари суриш имкониятидир. Сўнгги йилларда иқлим масалалари мамлакатдаги миллий ислоҳотларнинг ҳам, ташқи сиёсатнинг ҳам муҳим йўналишигайланмоқда. Бунда Тошкентнинг халқаро майдонлардаги фаоллиги, аввало, мамлакат ичида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларга таянади.
Миллий ислоҳотлар – иқлим дипломатиясининг асоси
Ўзбекистон иқлим соҳасидаги давлат сиёсатининг яхлит тизимини изчил шакллантирмоқда. 2018 йилда Париж битимини ратификация қилган ва 2019–2030 йилларда “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегиясини қабул қилган мамлакат миллий миқёсда белгиланадиган ҳисса (NDC 3.0) доирасидаги мажбуриятларини янгилади. Улар 2035 йилга бориб ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газлари ташламаларини 2010 йил даражасига нисбатан 50 фоизга қисқартириш ҳамда 2055 йилгача углерод нейтраллигига эришишни назарда тутади. Эътиборлиси, Ўзбекистон ташламаларни 2030 йилгача 35 фоизга камайтириш бўйича аввалги мақсадига муддатидан олдин эришди.

Ушбу мақсадларни амалга оширишда қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш ҳал қилувчи ўрин тутади. Қуёш ва шамол электр станцияларининг қуввати 6,3 ГВтдан ошди, гидроэнергетикани ҳисобга олганда, электр энергияси ишлаб чиқаришда “яшил” энергиянинг улуши 30 фоизга яқинлашди. 2030 йилгача бу кўрсаткични 54 фоизга етказиш режалаштирилган. Энергетика вазирлигининг баҳолашича, ҳозирги суръатлар сақланиб қолса, ушбу мақсадли кўрсаткичдан ҳам юқори натижага эришиш мумкин. Бу мамлакатда энергетик ўтиш жараёни барқарор тус олганидан далолат беради.
Энергетика билан бир қаторда сувни тежаш ва ерларни қайта тиклашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сув танқислиги кучайиб бораётган шароитда бу айниқса долзарбдир. Агар 2020 йилда сув тежовчи технологиялар қўлланилган майдонлар жами суғориладиган ерларнинг атиги 4 фоизини ташкил этган бўлса, 2026 йилга келиб бу кўрсаткич 60 фоизга етди. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, бу жорий йилнинг ўзида қарийб 10 миллиард куб метр, 2028 йилга бориб эса 14 миллиард куб метргача сувни тежаш имконини беради.
“Яшил макон” лойиҳаси доирасида ҳар йили 200 миллион туп кўчат экилмоқда, Орол денгизининг қуриган тубида эса 2 миллион гектар майдонда ҳимоя ўрмонзорлари барпо этилган. Бу мамлакат иссиқхона газлари ташламаларини қисқартириш билан бирга, иқлим ўзгаришига мослашишга ҳам тобора кўпроқ эътибор қаратаётганини кўрсатади.
Ислоҳотлар зарур механизм ва институтларни яратиш билан бирга олиб борилаётгани муҳимдир. 2025 йил ноябрь ойида Экология вазирлиги негизида бевосита давлат раҳбарига ҳисобдор бўлган Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ташкил этилди. Бу давлат бошқаруви тизимида экологик сиёсатнинг мақоми юксалаётганидан далолат беради.
Бундан ташқари, 2025 йилда углерод бирликлари савдосининг миллий тизими тўғрисидаги қонун қабул қилинди. “Энергетика ислоҳотлари учун инновацион углерод ресурсларини қўллаш” (iCRAFT) лойиҳаси доирасида эса Ўзбекистон ушбу соҳадаги чуқур ислоҳотлар натижасида Жаҳон банкидан углерод молиялаштириш маблағларини олган дунёдаги биринчи мамлакатга айланди.
2023 йилда Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University) ташкил этилди. Унга бириктирилган “яшил” техникумлар тармоғи орқали 2030 йилгача камида 10 минг нафар мутахассис тайёрлаш режалаштирилган. Бу узоқ муддатли “яшил” ривожланиш учун кадрлар пойдеворини яратади.
Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик
Сув танқислиги, чўлланиш ва ерлар деградацияси Марказий Осиёнинг барча давлатларига муайян даражада таъсир кўрсатмоқда. Шу сабабли бу муаммоларни фақат мувофиқлаштирилган ҳаракатлар асосида самарали ҳал этиш мумкин.
Ўзбекистон сув ва энергетика ресурсларини бошқаришнинг қўшма механизмларини ривожлантириш тарафдори. Қирғизистон ва Қозоғистон билан биргаликда амалга оширилаётган Қамбарота ГЭС-1 лойиҳаси бунга мисолдир. У мамлакатларнинг минтақавий сув-энергетика салоҳиятидан келишилган ҳолда фойдаланишга интилишини акс эттиради. Умумий меъёрий асос ҳам шаклланмоқда: минтақа давлатлари COP28 конференциясида тақдим этилган Марказий Осиёда иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича минтақавий стратегияни ишлаб чиқди.
Айни пайтда Ўзбекистон, Озарбайжон ва Қозоғистон электр энергиясини Европага экспорт қилиш учун “яшил йўлак” лойиҳасини илгари сурмоқда.
Экспертлар даражасидаги ҳамкорлик ҳам ривожланмоқда. Тошкентда Чўлланишга қарши курашиш ва чўл иқтисодиётини ривожлантириш бўйича Марказий Осиё минтақавий илмий-тадқиқот маркази, шунингдек, 2025 йилда Green University негизида очилган ва минтақанинг барча беш мамлакатини қамраб олувчи Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқининг ваколатхонаси фаолият юритмоқда. Бу Тошкентнинг экология соҳасидаги минтақавий экспертиза марказларидан бири сифатида шаклланишига хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон халқаро майдонларда, жумладан, Тоғли мамлакатлар гуруҳи ҳамда Денгизга чиқиш имконига эга бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар гуруҳи доирасида Марказий Осиё давлатлари позицияларини мувофиқлаштиришга ҳам кўмаклашмоқда. Бу минтақанинг музокаралардаги имкониятларини мустаҳкамлайди.
Хорижий мамлакатлар билан шериклик
Миллий ва минтақавий устувор вазифаларни амалга ошириш хорижий ҳамкорлар билан алоқаларни фаол ривожлантириш билан бирга олиб борилмоқда. Ушбу ҳамкорлик инвестициявий, технологик ва экспертлик йўналишларини қамраб олади.
Форс кўрфази мамлакатлари билан қайта тикланувчи энергетика соҳасидаги ҳамкорлик айниқса кенг кўлам касб этди. Саудия Арабистонининг ACWA Power компанияси билан қўшма ташаббуслар портфелининг умумий қиймати 24 миллиард доллардан ортиқ деб баҳоланмоқда. Бирлашган Араб Амирликларининг Masdar компанияси билан ҳамкорликда эса умумий қуввати 1,2 ГВтдан зиёд электр станциялари ишга туширилган. Бундай кўрсаткичлар Ўзбекистоннинг “яшил” энергетика соҳаси хорижий инвесторлар учун жозибадор эканини яққол намоён этади.
Япония билан Париж битимининг 6-моддаси доирасидаги Қўшма кредитлаш механизми асосида ҳамкорлик ривожланмоқда. Шўрланган ерларни тиклаш учун галофит боғлар яратишда эса Хитой тажрибаси қўлланилмоқда.
Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик алоҳида ўрин тутади. 2025 йил апрель ойида Самарқандда бўлиб ўтган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммити минтақалараро ҳамкорликка янги суръат бағишлади. Global Gateway дастурининг 12 миллиард евролик инвестиция пакетидан 6,4 миллиард евро гидроэнергетика ва иқлим лойиҳаларига йўналтирилиши кўзда тутилган.
Халқаро майдонлардаги ташаббуслар
Ўзбекистон халқаро майдонларда муҳокамаларда иштирок этишдан ўз ташаббусларини илгари суриш босқичига ўтди. Мамлакат раҳбариятининг БМТ минбаридаги чиқишлари ушбу ёндашувнинг ривожланишини яққол акс эттиради.
Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқи бу йўналишдаги бошланғич нуқта бўлди. Унда давлат раҳбари Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш учун халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга чақирди. 2018 йилдаёқ Ўзбекистон ташаббуси билан Оролбўйи минтақаси учун БМТнинг инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст фонди ташкил этилди. 2021 йилда эса БМТ Бош Ассамблеяси Оролбўйини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди. Шу тариқа минтақавий экологик муаммо глобал даражада эътироф этилди.
Шу билан бирга, мамлакатнинг Томонлар конференцияларидаги иштироки кенгайиб борди. Ўзбекистон 2021 йилда Глазгода бўлиб ўтган COP26 конференциясида янгиланган миллий миқёсда белгиланадиган ҳиссасини тақдим этди, Шарм аш-Шайхдаги COP27 конференциясида Минтақавий иқлим кенгашини тузишни таклиф қилди. Дубайдаги COP28 конференциясида эса давлат раҳбари Green University негизида Иқлим илмий форумини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди ҳамда Иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича глобал мақсадни имкон қадар тезроқ келишиб олиш тарафдори эканини билдирди. Бунда асосий эътибор босқичма-босқич миллий мажбуриятлардан минтақавий ва илмий механизмларга кўча бошлади.
Мазкур ёндашув Бокудаги COP29 конференциясида айниқса яққол намоён бўлди. Унда Ўзбекистон Президенти ривожланаётган мамлакатларни қўллаб-қувватлаш учун Иқлим туфайли йўқотиш ва зарарларни баҳолаш бўйича халқаро марказни ташкил этиш ҳамда БМТ шафелигида Дарё экотизимларининг бутунлиги ва экологик хавфсизлигини таъминлаш соҳасида мажбуриятлар тўғрисидаги декларацияни ишлаб чиқишни таклиф этди. Белем шаҳридаги COP30 конференциясида мамлакат NDC 3.0ни тақдим этди, БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида эса иқлим миграцияси соҳасида халқаро шерикликни ривожлантириш ва саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ташаббусини илгари сурди.
Самарқандда йирик халқаро тадбирлар – БМТнинг Чўлланишга қарши курашиш конвенцияси ижросини кўриб чиқиш қўмитаси сессияси, Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш тўғрисидаги конвенция ҳамда Йўқолиб кетиш хавфи остидаги ёввойи фауна ва флора турлари билан халқаро савдо қилиш тўғрисидаги конвенция (CITES) томонларининг конференциялари, шунингдек, Глобал экологик жамғарма ассамблеясининг ўтказилиши экологик кун тартибини илгари суришнинг қўшимча воситасига айланди. Бундай форумлар учун Ўзбекистоннинг мезбон сифатида танланиши халқаро ҳамжамиятнинг мамлакатга бўлган ишончидан далолат беради.
Шундай қилиб, ўн йилдан камроқ вақт ичида Ўзбекистоннинг халқаро майдонлардаги кун тартиби Орол муаммосидан молиялаштириш, мослашиш ва иқлим ўзгаришининг ижтимоий оқибатлари масалаларигача кенгайди.
COP31: миллий устувор вазифаларни амалга ошириш имкониятлари
Эътиборлиси, COP31 кун тартибидаги молиялаштириш, иқлим ўзгаришига мослашиш ва мажбуриятларни амалда бажариш масалалари кўп жиҳатидан Ўзбекистоннинг миллий устуворликларига мос келади. Бу мамлакатга Анталияда умумий чақириқлар билан чекланмай, аниқ эҳтиёж ва таклифларни илгари суриш имконини беради.
Молиялаштириш манбаларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш асосий масала бўлиб қолмоқда. Мамлакатнинг 2030 йилгача бўлган молиявий эҳтиёжлари қарийб 50 миллиард доллар деб баҳоланмоқда. Шундан қарийб учдан бир қисми иқлим ўзгаришига мослашиш чораларига тўғри келади. Шу сабабли COP30 конференциясининг мослашиш учун ажратиладиган молиялаштириш ҳажмини уч баробар оширишга қаратилган чақириғи Ўзбекистон учун бевосита амалий аҳамиятга эга. Бироқ маблағ жалб этиш пухта ишлаб чиқилган лойиҳаларни таклиф қила олишга боғлиқ. Шу жиҳатдан мамлакатнинг BRIDGE ташаббуси доирасидаги дастлабки тажриба-синов иштирокчилари қаторига кириши миллий мажбуриятларни аниқ инвестициявий ечимларга айлантириш имконини беради.
Минтақавий йўналиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Иқлим миграцияси бўйича “Ипак йўли декларацияси”ни қабул қилиш ташаббуси БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида бошланган саъй-ҳаракатларнинг давоми бўлиб, Марказий Осиё учун тобора долзарб тус олаётган муаммони халқаро даражага олиб чиқади. Бу Ўзбекистоннинг минтақа учун умумий кун тартибини шакллантирувчи мамлакат сифатидаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Туркиянинг раислиги ҳам муайян аҳамият касб этади. Анқаранинг устувор йўналишлари, аввало, чиқиндисиз иқтисодиёт ва “яшил” энергетика Ўзбекистоннинг миллий лойиҳалари билан ҳамоҳангдир. Бу икки мамлакат ўртасидаги кенг қамровли стратегик шерикликни экология соҳасидаги янги ҳамкорлик йўналишлари билан бойитиш учун шароит яратади.
Шундай қилиб, COP31даги иштирок Ўзбекистон учун иқлим дипломатиясини мустаҳкамлашнинг муҳим воситасига айланмоқда. Конференция мамлакатга ички ислоҳотлар натижаларига таяниш, Марказий Осиё манфаатларини илгари суриш ҳамда аввал билдирилган ташаббусларни аниқ лойиҳалар ва молиявий ечимларга айлантириш имконини беради. Бу Ўзбекистоннинг халқаро майдонлардаги мавқеини мустаҳкамлаш ҳамда барқарор ривожланиш бўйича глобал кун тартибида минтақанинг ролини оширишга хизмат қилади.
Мадинабону ҚАЮМОВА,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
СМТИ етакчи илмий ходими.
ЎзА