COP31: глобал иқлим сиёсатида Ўзбекистоннинг устувор йўналишлари
Глобал иқлим ўзгариши бугун нафақат экологик, балки сиёсий, иқтисодий ва геостратегик аҳамиятга эга масалага айланмоқда. Табиий ресурслар тақчиллиги, энергетика хавфсизлиги, “яшил” технологиялар учун рақобат ва халқаро иқлим молиялаштириш механизмлари мамлакатлар ўртасидаги муносабатларга янгича мазмун бағишламоқда.
Шу кунларда Туркиянинг Анталия шаҳрида ўтаётган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича Ҳадли конвенцияси томонлари конференциясининг 31-сессияси (COP31) халқаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилашда муҳим майдон вазифасини ўтамоқда.
Хўш, мазкур саммит Ўзбекистоннинг миллий манфаатлари ва ташқи сиёсий устуворликлари нуқтаи назаридан қандай аҳамиятга эга? Иқлим дипломатияси мамлакатимиз учун қандай иқтисодий ва инвестициявий имкониятларни очмоқда? Марказий Осиёда сув хавфсизлиги, энергетика трансформацияси ва “яшил” иқтисодиёт соҳаларидаги ҳамкорликнинг геосиёсий истиқболлари қандай?
ЎзА мухбири ушбу саволлар юзасидан сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори Мухтор Назиров фикрларини ёзиб олди.

– Дарҳақиқат, глобал иқлим ўзгариши халқаро сиёсатдаги кучлар нисбати ва иқтисодий муносабатларга ҳам таъсир кўрсатмоқда. Сув ресурслари, энергетика, озиқ-овқат хавфсизлиги ва экологик технологиялар давлатлар ўртасидаги рақобат ҳамда ҳамкорликнинг муҳим йўналишларига айланди. Шу маънода, 9-20 ноябрь кунлари Анталияда ўтаётган COP31 оддий экологик анжуман доирасидан анча кенг сиёсий аҳамият касб этади.
Ўзбекистон учун мазкур майдон глобал иқлим кун тартибида барқарор ривожланиш манфаатларини илгари суриш, халқаро молиявий ресурсларни жалб қилиш ва янги технологик шерикликларни йўлга қўйиш имкониятини беради.
Марказий Осиё учун иқлим ўзгариши аввало, сув ва иқтисодий хавфсизлик масаласидир. Музликларнинг қисқариши, сув оқимининг ўзгариши ва қурғоқчилик хавфининг ортиши қишлоқ хўжалиги, энергетика ҳамда аҳоли турмушига бевосита таъсир кўрсатмоқда. Айниқса, суғорма деҳқончиликка юқори даражада боғлиқ Ўзбекистон шароитида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш иқтисодий тараққиётнинг муҳим шартларидан бирига айланмоқда.
Шу сабабли, ўлкамизнинг COP31даги иштироки иқлим муаммоларни халқаро ҳамкорлик ва инвестиция имкониятларига боғлашга қаратилган. Форум доирасида Ўзбекистоннинг Миллий павильони ташкил этилиши эса мамлакатнинг “яшил” иқтисодиётга ўтиш бўйича дастурлари, экологик ташаббуслари ва инвестиция лойиҳаларини халқаро ҳамжамиятга тақдим этиш учун хизмат қилади. Бу ерда асосий масала иқлим бўйича мажбуриятларни молиялаштириш ва амалий натижа берадиган лойиҳаларга айлантиришдан иборат.
Республикамизнинг иқлим дипломатиясида учта йўналишни алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин. Биринчиси – сув хавфсизлиги. Сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, томчилатиб суғоришни ривожлантириш ва гидрологик хавфларга мослашиш қишлоқ хўжалиги самарадорлигини ошириш билан бирга минтақавий барқарорликка ҳам хизмат қилади.
Иккинчиси – энергетика соҳасини диверсификация қилиш. Халқаро миқёсда илгари сурилаётган “35 га 35” ташаббуси 2035 йилга қадар электр энергиясининг жаҳон умумий энергия истеъмолидаги улушини 35 фоизга етказишни назарда тутади. Бунинг учун транспорт, иситиш тизимлари ва саноат ускуналарини босқичма-босқич қазилма ёқилғиларидан электр энергиясига ўтказиш кўзда тутилган. Ташаббуснинг асосий мақсади тоза энергия манбаларини кенгайтириш орқали углерод чиқиндиларини камайтириш ва энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлашдан иборат.
Юртимиз учун бу жараён икки томонлама аҳамиятга эга. Бир томондан, қуёш ва шамол энергетикасини ривожлантириш электр энергияси ишлаб чиқариш манбаларини диверсификация қилиш имконини беради. Иккинчи томондан, транспорт ва саноатда электр энергиясидан фойдаланишни кенгайтириш иқтисодиётнинг углерод сиғимини камайтиришга хизмат қилиши мумкин. Бироқ бундай трансформация электр тармоқларини модернизация қилиш, энергия сақлаш инфратузилмасини ривожлантириш ва электр энергияси таъминоти барқарорлигини таъминлашни ҳам талаб этади.
Учинчиси – халқаро иқлим молиялаштириш механизмларидан фойдаланиш. Бу борада Ўзбекистон BRIDGE (Climate Implementation Bridge) халқаро ташаббусининг дастлабки бешта пилот мамлакатидан бири сифатида танланиши муҳим аҳамиятга эга. БМТнинг Атроф-муҳит бўйича дастури (UNEP) иштирокида шакллантирилган мазкур механизм мамлакатнинг иқлим лойиҳаларини халқаро инвесторлар талабларига мослаштириш ва уларга молиявий ресурслар жалб қилишга кўмаклашишни назарда тутади.
BRIDGE ташаббусининг амалий аҳамияти шундаки, у иқлим соҳасидаги сиёсий мажбуриятлар билан уларни амалга ошириш учун зарур инвестициялар ўртасидаги боғлиқликни мустаҳкамлашга қаратилган. Дастур доирасида халқаро экспертлар кўмагида лойиҳаларни тайёрлаш, уларнинг молиявий жозибадорлигини ошириш ва инвесторлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятлари кенгаяди. Бу жараён Ўзбекистоннинг 2035 йилгача мўлжалланган кам углеродли ривожланиш стратегияси ва янгиланган миллий иқлим мақсадларини амалга ошириш учун ҳам муҳимдир.
Ташаббус доирасида қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш, энергия самарадорлигини ошириш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш устувор йўналишлар сифатида белгиланган. Ушбу соҳалар Ўзбекистоннинг экологик муаммолари билан бир қаторда иқтисодий модернизация ва энергетик хавфсизлик манфаатларига ҳам бевосита дахлдор.
Шу нуқтаи назардан, BRIDGE доирасидаги иштирокни Ўзбекистоннинг халқаро иқлим дипломатиясидаги амалий имкониятларини кенгайтирувчи қадам сифатида баҳолаш мумкин. Аммо унинг самарадорлиги халқаро экспертлар кўмаги ёки эълон қилинган ташаббуслар билан эмас, тайёрланган лойиҳаларнинг молиялаштирилиши, жалб этилган инвестициялар ва иқтисодиётдаги реал ўзгаришлар билан белгиланади.
Анталья саммитининг геосиёсий аҳамиятини белгиловчи яна бир омил – Туркия билан ҳамкорликдир. Анқара ва Тошкент ўртасидаги сиёсий яқинлик экологик ва технологик ҳамкорликни ривожлантириш учун ҳам қулай шароит яратмоқда. Бу борада Туркиянинг 2017 йилда бошланган “Ноль чиқинди” (Sıfır Atık) ташаббуси алоҳида эътиборга лойиқ. Дастур чиқиндиларни улар ҳосил бўлган жойнинг ўзида саралаш, қайта ишлашга йўналтириш ва бир марталик пластик маҳсулотлар истеъмолини чеклаш орқали экологик юкни камайтиришни кўзда тутади.
Унинг муҳим жиҳати, чиқиндиларни иқтисодий қийматга эга ресурс сифатида қайта ишлаб чиқариш жараёнига жалб қилиш, яъни, айланма иқтисодиёт тамойилларини амалиётга татбиқ этишдан иборат. Кейинчалик ушбу ташаббус миллий дастур доирасидан чиқиб, халқаро миқёсда ҳам қўллаб-қувватлана бошланди.
Ўзбекистон учун Туркия тажрибасининг аҳамияти шундаки, экологик муаммоларни ҳал қилиш жараёнини иқтисодий самарадорлик билан боғлаш имконияти мавжуд. Чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш инфратузилмасини ривожлантириш, пластик истеъмолини камайтириш, ресурсларни қайта ишлаб чиқариш занжирига қайтариш каби йўналишлар янги инвестиция ва технологик ҳамкорлик соҳаларини шакллантириши мумкин. Туркия билан ҳамкорлик бу борада тажриба алмашиш, замонавий технологияларни жорий этиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун қўшимча имкониятлар очади.
Шу маънода, Анқара ва Тошкент ўртасидаги экологик ҳамкорликни фақат табиатни муҳофаза қилиш доирасида баҳолаш тўғри бўлмайди. У айланма иқтисодиётни ривожлантириш, ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва “яшил” технологиялар бозорида янги шерикликларни йўлга қўйиш билан ҳам боғлиқ. Бу эса икки мамлакат ўртасидаги стратегик ҳамкорликнинг иқтисодий мазмунини янада бойитиши мумкин.
Кенгроқ геосиёсий нуқтаи назардан қараганда, иқлим дипломатияси Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий ҳамкорлик доирасини кенгайтириш воситасига ҳам айланмоқда. Иқлим молияси, “яшил” технологиялар ва сув ресурсларини бошқариш соҳаларида халқаро шериклар билан муносабатларни ривожлантириш мамлакатнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш билан бирга, ташқи сиёсатдаги манфаатларни илгари суришга ҳам хизмат қилади. Марказий Осиё давлатлари учун эса иқлим муаммоларини биргаликда ҳал қилиш минтақавий ҳамкорликнинг янги амалий йўналишини шакллантириши мумкин.
Умуман олганда, Анталия саммити Тошкентга ўз экологик манфаатларини халқаро сиёсат билан уйғунлаштириш имконини бермоқда, дейиш мумкин. Бу эса иқлим масалалари Ўзбекистон ташқи сиёсатида тобора мустақил ва амалий аҳамиятга эга йўналиш сифатида шаклланаётганини англатади.
Ўткир АЛИМОВ, ЎзА