Ўзбекистоннинг аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тажрибаси эътироф этилди
Ўзбекистоннинг кам таъминланган оилалар бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб этиш ва ёшларни манзилли қўллаб-қувватлаш борасидаги ислоҳотлари халқаро майдонда амалий тажриба сифатида эътироф этилмоқда.
Хусусан, Филиппин пойтахти Манила шаҳрида Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) томонидан ёшлар бандлиги ва инклюзив меҳнат бозорини ривожлантиришга бағишланган халқаро техник семинар бўлиб ўтди.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги хабарига кўра, унда Ўзбекистон, Камбоджа ва Филиппин вакиллари ҳамда халқаро ташкилотлар экспертлари иштирок этди.
Ўзбекистон ушбу анжуманга ХМТ тадқиқотлари ўтказилган намунавий давлатлардан бири ва “Глобал Акселератор” (Global Accelerator) ташаббусининг фаол иштирокчиси сифатида таклиф этилди. Тадбирда вазирлик вакиллари эҳтиёжманд оилаларни ўзини ўзи банд қилишга йўналтириш, тадбиркорликка жалб этиш ва ёшларни манзилли қўллаб-қувватлаш бўйича миллий тажрибани тақдим этди.
ХМТ тадқиқотида Ўзбекистоннинг Ижтимоий реестр, “Ёшлар дафтари” ва маҳалла тизими орқали аҳоли бандлигини таъминлаш амалиёти ижобий баҳоланди. Шунингдек, семинар давомида ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, норасмий меҳнат улушини камайтириш ҳамда бандлик дастурлари самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА