Эркинлик - тарбиянинг душманими?
Замонавий эркинлик ва ахборот оқими шароитида инсон ва жамият равнақи учун тарбиянинг ўрни қандай?
Кўзга кўринмаса-да, бутун инсониятга таъсири улкан бўлган омиллар талайгина. Уларни жамловчи муҳим тушунча — тафаккур. У ўз ичига ижобий ва салбий хусусиятларни қамраб олади. Ана шундай муҳим фазилатлардан бири — тарбия. Бу тушунча шу қадар улканки, уни бирор тизимга солиб таҳлил қилишнинг иложи йўқ. Чунки инсоният билан боғлиқ исталган соҳада тарбия мужассам. Шунинг учун ҳам бежизга улуғ бобокалонимиз Абдулла Авлоний: “Тарбия биз учун ҳаёт-мамот масаласидир”, дея таъкидламаган. Модомики шундай экан, бугунги кунда тарбия масаласи нақадар долзарб. Шуни англаш керакки, тарбия аввало оиладан бошланиши ҳақ гап. Бироқ, бугунги қарашлар ва имкониятлар инсониятга ҳар томонлама таъсир ўтказмоқда. Биз ота-боболаримиз орзу қилган фаровон ҳаётда, эркинликда яшаяпмиз. Аммо ана шу эркинликка бўлган бизнинг муносабатимиз афсуски, ҳавас қиларли эмас. Бу борада устозлар ҳикматига ҳам қулоқ тутиш жоиз.
—Инсон заиф яратилган. У ҳамиша тарбияга, огоҳлантиришга эҳтиёжманд, — дейди доцент Абдумурод Тиловов. — Аслида эркинлик, ҳурлик — жуда гўзал тушунча. Инсоннинг ўзлиги, тафаккур ва фикрлаш ҳуррияти жадид боболаримизнинг энг катта орзуларидан бири эди. Бироқ, бу ҳуррият, бу эркинлик меъёрида, рисоладагидек бўлиши, чегаралардан ошмаслик, ҳаддан ошмаслик шарти билан фойдали деб биламан. Хусусан, оилада, ёш боланинг ёки ўспириннинг — қиз ёки ўғил боланинг — ўзича, ўз хаёлларича ёки, айниқса, ҳозирги пайтдаги турли хуружлар авж олган шароитда, унинг бемалол ҳаёт кечиришига, хоҳлаганича ўйин-кулги билан вақт ўтказишига имкон бериш, яъни халқимиз таъбири билан айтганда, унинг барча қилиқларига кўз юмиш — бу меҳрибонлик эмас. Аслида, унинг ўша меҳрибонлиги келажакка таҳдидга рози бўлиш билан баробар ҳисобланади. Шу маънода, тарбия борасида, хусусан, эркинлик борасида ҳам, аждодларимизнинг билим ва тажрибалари, улуғ устозларимиз қолдирган тафаккур дурдоналарига таяниб ҳаёт кечирсак, менимча, мақсадга мувофиқ бўлади.
Дарҳақиқат, бугунги кунда ахборот турли кўриниш ва талқинларда етказилмоқда. Табиийки, бу тарбияга ҳам ўзининг таъсирини кўрсатмай қолмайди. Чунки ўша ахборотларда ҳар хил маданият ва маънавият мужассам. Бу эса, айниқса, ёш авлод онгига, миллатимизнинг юксак маънавияти ва бебаҳо қадриятларига гўёки ўқ бўлиб отилади. Бу курашда устун бўлишнинг ягона йўли – катталарнинг оилада, мактабда ва ҳаттоки кўча-кўйда ҳам маънавиятимизнинг муносиб тарғиботчиси бўла олиши. Фақат қандайдир байрамларда эмас, балки турмушимизда тарбиянинг, ватанпарварликнинг ҳақиқий намунаси бўлиб хизмат қилишимиз лозим. Шундагина эркин жамиятимиз янада фаровонлашади, маънавиятимиз дарахти кўкларга бўй чўзади.
Гарчи тарбия бугуннинг долзарб масаласи деб қаралаётган бўлса-да, у доимо долзарб бўлиб келган. Хулоса шуки, ота-она ва фарзанд ўртасида соғлом муносабат йўлга қўйилсагина маънан саломат авлод шаклланади. Шундагина мамлакатда илгари сурилаётган улкан ташаббусларнинг амалий кўриниши намоён бўлиб, давлатимиз раҳбари қуришга интилаётган ривожланган давлатнинг шаклланиши осонлашади.
Зеро, таълим қанчалик юксалмасин, тарбия билан мустаҳкамланмаса, биз интилаётган Учинчи Ренессанс чўққиси узоқлигича қолаверади. Буни англаган ҳолда юртимизда таълим-тарбия масаласига асосий эътибор қаратилмоқда. Бунинг учун энг тўғри ечим китоб ўқиш эканлигидан келиб чиқиб, китобхон ёшлар, умуман олганда, китобхон миллат шакллантириш йўлида барча чоралар кўрилмоқда. Фақат бизнинг асосий бурчимиз ушбу имкониятлардан унумли фойдаланиш ва атрофимизга намуна бўлиш. Шундагина юртимиз равнақига ижобий таъсир ўтказиш бахтига муяссар бўламиз.
Шербек Исломов,
ЎзА