Адлия сайёр қабуллари – маҳаллаларда
Бугунги кунда республика вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ҳудудларда аҳоли ҳамда тадбиркорлар билан бевосита мулоқот қилиши, сайёр қабуллар уюштирилиши муаммоларни жойида аниқлаш ва уларнинг қонуний ечимини таъминлашда муҳим натижалар бермоқда.
Хусусан, Адлия вазирлиги томонидан ҳам ҳудудларда мунтазам равишда сайёр қабуллар ўтказилиб, аҳолининг мурожаатлари бевосита тингланмоқда. Навбатдаги сайёр қабул адлия вазирининг биринчи ўринбосари Маҳмуд Истамов иштирокида Наманган шаҳрининг Давлатобод туманидаги Орзу маҳалласида ташкил этилди.
Вилоят ва туман ҳокимлиги, вилоят адлия бошқармаси ҳамда тегишли мутасадди ташкилотлар масъуллари ҳамроҳлигида ташкил этилган ушбу қабулда 23 нафар фуқаро қатнашди. Унда давлат хизматлари, кадастр, ижтимоий масалалар, уй-жой, соғлиқни сақлаш, солиқ интеллектуал мулк, тадбиркорлик, коммунал соҳаларга оид мурожаатлар билдирилди.
Сайёр қабул давомида фуқароларнинг муаммоларини ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилиб, уч мурожаат жойида ҳал этилди, бештаси юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 15 мурожаат эса иш юритувига олинди.
Энг муҳими, ҳар бир мурожаатни эътиборсиз қолдирмаслик, уларни қонуний ва адолатли ҳал этиш ҳамда фуқароларнинг муаммоларига амалий ечим топиш мақсадида масъул ташкилотларга тегишли топшириқлар берилиб, уларнинг ижроси алоҳида назоратга олинди.
Бундай сайёр қабуллар аҳоли билан очиқ мулоқотни мустаҳкамлаш, фуқароларни қийнаётган масалаларни жойида ўрганиш ва давлат идораларининг халқ олдидаги масъулиятини оширишга хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири