Ихчам, камчиқим ва тартибли бўлишга одатланиш лозим
Андижонда тўй ва бошқа маросимларни ихчам, камчиқим ва тартибли ўтказиш ҳамда маҳаллаларда “Яшил макон” лойиҳаси доирасидаги ишларни самарали ташкил этиш масалаларига бағишланган матбуот анжумани ва пресс-тур ўтказилди.
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Матбуот хизмати ҳамда “Маҳалла медиа” МЧЖ томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда Маҳаллалар уюшмаси вилоят бошқармаси, вилоят адлия, ички ишлар, Оила ва хотин-қизлар бошқармалари, Ўзбекистон Мусулмонлар идораси вилоят вакиллиги, Маънавият ва маърифат маркази вилоят, туман, шаҳар бўлимлари мутасадди ва мутахассислар, маҳалла фаоллари, оқсоқоллар, отинойилар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 24 июндаги “Маҳалла бошқарувини самарали ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, хусусан, аҳолининг тўй ва бошқа маросимлар борасидаги фикр ва таклифларини ўрганиш мақсадида ўтказилган тадбирда Маҳаллалар уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Азизбек Азимов сўз олиб, анжуманнинг мазмун-моҳияти, ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ҳақида гапирди.


Шундан сўнг тўй ва бошқа маросимларни ихчам, камчиқим ва тартибли ўтказиш, тўй ва ёшлар тарбияси билан боғлиқ миллий қадрият ва анъаналарни асраб-авайлаш, бу борадаги ишларни амалга оширишда маҳалла еттилиги фаолияти самарадорлиги ва масъулиятини ошириш юзасидан маърузалар ўқилди, савол-жавоблар бўлди.
Жумладан, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги вакили Муҳаммаджон Мўминов, “Нуроний” уюшмаси вилоят бўлими раиси ўринбосари Маъмуржон Икромов ўз маърузаларида никоҳ ва оиланинг муқаддаслиги, тўй ва бошқа маросимлардаги сарф-харажатларни камайтириш, турли бидъат ва расм-русумларга барҳам бериш ҳақида гапирди.
Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Нигорахон Қашқабоева ўз сўзида жамиятимизда оз бўлса-да, кимўзарга тўй қилиш ҳолатлари учраб турганлиги, кераксиз ва ортиқча сарф-харажатлар оилалар бюджетига жиддий салбий таъсир кўрсатаётганлиги, айниқса, тўйлар орқали “оммавий маданият” кўринишлари, халқимизга хос бўлмаган урфлар кириб келаётганлиги аянчли ва ачинарли эканлигини қайд этди.
Шунингдек, тадбирда сўз олган Андижон давлат университети профессори Мўминжон Мамажонов, вилоят адлия бошқармаси мутахассиси Гулёра Мусаева, вилоят “Оқила аёл” уюшмаси раҳбари Мадина Мамажонова, ички ишлар бошқармаси бошлиғи Мадинахон Алихонова ҳам тўйлардаги дабдаба, ортиқча харажатларга барҳам бериш, тўй ўтказишдаги ҳуқуқий нормалар, иқтисодий меъёрлар, шунингдек, никоҳланувчи ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, келин-куёв, келин-қайнона ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш сингари қатор масалалар юзасидан фикр ва мулоҳазалар билдирди.

– Кейинги пайтларда тўйларимиз бироз тартибга тушгандек кўринса-да, аслида тўй билан боғлиқ муаммолар жуда кўп, – дейди Избоскан тумани “Оқила аёл” уюшмаси раҳбари Дилфуза Аҳмедова. – Айрим юртдошларимизнинг тўй, маърака ва маросимларни ўтказишда қадриятларимизни менсимаслик, ўзини кўз-кўз қилиш ва ортиқча исрофгарчиликка йўл қўйиш ҳолатлари кузатиляпти. Бундай ҳолатларга чек қўйиш учун энг, аввало, маҳаллада ҳурмат-эътибор топган маҳалла фаоллари, нуронийлар фаол бўлиши керак.

Анжуман давомида иштирокчилар томонидан тўй ва бошқа маросимларни тартибли ўтказиш, бу борадаги муаммолар, уларни бартараф этиш, оиладаги ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, оила бошлиқларининг масъулиятини ошириш, ёшлар, айниқса, қизлар тарбиясига жиддий ёндашиш, ана шу йўналишдаги ишларни самарали олиб бориш юзасидан таклиф, тавсия, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Анжуманда иштирок этган оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга мутасадди ва мутахассислардан батафсил жавоблар олди.
Куннинг иккинчи ярмида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Балиқчи туманининг Олчазор ва Сарнавул маҳаллаларига пресс-тур ташкил этилди.
Пресс-тур давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 23 сентябрдаги “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда маҳаллалар ролини кучайтириш ва ҳудудларнинг яшиллик даражасини тубдан оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида маҳаллаларда амалга оширилаётган ишлар, мазкур йўналишда яратилган шарт-шароитлар билан танишилди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири