Жорий йилнинг 23-25 сентябрь кунлари “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида “Пластмасса ва полимерлар саноати - Plastex Uzbekistan 2025” 15-юбилей халқаро кўргазмаси бўлиб ўтади.
“Iteca Exhibitions” халқаро компанияси ва унинг ҳамкори “ICA Eurasia Group” томонидан ташкил этилаётган тадбирда Ўзбекистон, Германия, Ҳиндистон, Эрон, Хитой, Корея Республикаси, Латвия, Россия, Туркманистон, Туркиядан 250 дан зиёд компания ва брендлар иштирок этади.
Маълумки, “Plastex Uzbekistan” илк бор 2010 йилда ўтказилган бўлиб, ўшандан буён у пластмасса ва полимер саноати мутахассислари учун муҳим учрашув майдонига айланди. Ўтган 15 йил мобайнида ушбу кўргазма 20 мамлакатдан мингдан зиёд компания ва брендларни бирлаштирди. 30 мингдан ортиқ мутахассислар ва ишбилармонлар ташриф буюрди. Жорий йилда ҳам тадбирга йирик ишлаб чиқарувчилар, соҳанинг етакчи компаниялари ва халқаро брендлар жалб этилмоқда.
Пластик ва полимер маҳсулотлар бугунги иқтисодиёт ва кундалик ҳаётнинг ажралмас қисмига айлангани сир эмас. Шу боис, “Plastex Uzbekistan” нафақат замонавий технологиялар ва янги ишланмалар намойиши, балки ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш учун амалий платформа сифатида ҳам хизмат қилади.
Бу йилги кўргазманинг яна бир янгилиги шундаки, унинг 4P Central Asia форматида ўтказилишидир. Бу формат пластмасса, нефть-кимё, қадоқлаш ва матбаа соҳаларини бирлаштириб, ишлаб чиқаришнинг барча босқичларини ва турли тармоқлар ўртасидаги боғлиқликни аниқ кўрсатади.
Кўргазма павильонларида полимерлар, нефть-кимё маҳсулотлари, инновацион қўшимчалар, ишлаб чиқариш линиялари, робототехника ва автоматлаштириш тизимлари, шунингдек, тайёр пластик маҳсулотлар намойиш этилади.
Н. Зиёдуллаева, ЎзА