Тошкентда полимер саноатининг янги ечимлари намойиш этилмоқда
Бугун пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” марказий кўргазмалар мажмуида “Пластмасса ва полимерлар саноати - Plastex Uzbekistan-2026” 16-халқаро кўргазмаси очилди.
“Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси ва унинг ҳамкори “ICA Eurasia Group” томонидан ташкил этилган тадбирда 255 та компания ўз маҳсулот ва ечимларини намойиш этмоқда.
“Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси бош директор ўринбосари Ойимхон Бобожонованинг қайд этишича, Ўзбекистонда полимер саноати жадал ривожланмоқда. 2026 йил 1 июнь ҳолатига кўра, мамлакатда соҳада 2,9 мингта корхона рўйхатга олинган. 2025 йилда резина ва пластмасса буюмлари ишлаб чиқариш ҳажми 21,4 триллион сўмни ташкил этиб, 20,4 фоизга ошган. 2026 йил январь-апрель ойларида эса мазкур кўрсаткич 6,2 триллион сўмни ташкил қилиб, 25,7 фоизга ўсган.

– Соҳа хомашёни чуқур қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотлар, жумладан, қувурлар, профиль ва плёнкалар ишлаб чиқаришга тобора кўпроқ эътибор қаратмоқда. Бу эса полипропиленга бўлган талабнинг 26 фоизга ошишига олиб келган.
Бундай динамика корхоналарнинг модернизация, ассортиментни кенгайтириш ва самарадорликни ошириш учун замонавий технологияларга бўлган эҳтиёжини кучайтирмоқда. Шу нуқтаи назардан, “Plastex Uzbekistan-2026” ишлаб чиқарувчилар, технологиялар, хомашё ва ускуналар етказиб берувчилар ҳамда қайта ишлаш корхоналари вакилларини бирлаштириб, профессионал мулоқот ва тармоқ алоқаларини ривожлантириш учун муҳим майдонга айланмоқда, – деди О.Бобожонова.
Кўргазмада турли қувватдаги термопластавтоматлар, электр машиналари, пресс-қолиплар, роботлаштирилган тизимлар ва ёрдамчи жиҳозлар билан танишиш мумкин. Экструзион ускуналар эса қувур, профиль, лист, қадоқлаш ва иссиқхона плёнкалари ишлаб чиқаришда қўлланилади. Шунингдек, экструдерлар, ишлаб чиқариш линиялари, дозалаш ва ташиш тизимлари, пластмассаларни майдалаш, ювиш ҳамда қайта ишлаш жиҳозлари тақдим этилган.

Эслатиб ўтамиз, кўргазма 24 сентябрь куни ўз ишини якунлайди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА