Хорижий компанияларнинг Ўзбекистон полимер саноатига қизиқиши ортмоқда
Бугунги кунда пластмасса ва полимерлар саноати иқтисодиётнинг кўплаб тармоқлари учун муҳим хомашё ва тайёр маҳсулотлар етказиб берувчи йўналишларидан бири ҳисобланади. Саноат, қурилиш, автомобилсозлик, тиббиёт, озиқ-овқат ва маиший эҳтиёжлар учун кенг қўлланиладиган маҳсулотларни ишлаб чиқаришда замонавий полимер материаллардан фойдаланиш тобора кенгайиб бормоқда.
Бу эса соҳада янги технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва маҳсулотларни маҳаллийлаштириш жараёнларини янада жадаллаштиришни тақозо этади.
Айни йўналишда янги технология ва ишланмаларни намойиш этиш, ишлаб чиқарувчилар ҳамда хорижий компаниялар ўртасида ҳамкорликни кенгайтиришда халқаро кўргазмалар муҳим аҳамият касб этади.
Шу мақсадда бугун пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” марказий кўргазмалар мажмуида пластмасса ва полимерлар саноати соҳасидаги йирик тадбирлардан бири - “Пластмасса ва полимерлар саноати - Plastex Uzbekistan 2026” 16-халқаро кўргазмасининг иккинчи кунги тадбирлари давом этмоқда.
Иштирокчилардан кўргазманинг икки кунлик натижалари, уларнинг таассуротлари ҳамда Ўзбекистон бозоридаги имкониятлар ҳақидаги фикрларини сўрадик.
Шуҳрат Ўткиров – "Novoplast" компанияси сотув менежери:
– Биз термоэластопласт хомашёсини ишлаб чиқарамиз. Ўзимиз ишлаб чиқарадиган хомашёдан шланглар, шунингдек, ойналар профиллари учун резина маҳсулотлар тайёрлаймиз.
[gallery-31577]
Компаниямиз Ўзбекистонда тўрт йилдан буён фаолият юритиб келяпти. Маҳсулотларимизни Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон каби қўшни давлатларга экспорт қиламиз. Бундан ташқари, Россияда тўртта заводимиз фаолият юритмоқда. Айни пайтда Туркияда ҳам янги заводимизни ишга тушириш ишлари олиб борилмоқда.
Термоэластопластдан турли соҳалар учун сифатли резина маҳсулотларини ишлаб чиқариш мумкин. Хусусан, автомобилсозлик, тиббиёт, озиқ-овқат саноати ва бошқа йўналишларда кенг қўлланиладиган маҳсулотлар тайёрлаймиз.
Асосий фаолият йўналишимиз термоэластопласт гранулаларини ишлаб чиқаришга қаратилган. Бунда хомашёнинг асосий қисми ўзимизда тайёрланади.
"Novoplast" Ўзбекистонда ташкил этилган маҳаллий компания ҳисобланади. Корхонамизда бугунги кунда 100 га яқин ходим меҳнат қилмоқда. Корхонамиз Чирчиқ шаҳридаги Чирчиқ технопарки ҳудудида жойлашган.
Кўргазмаларда ҳам мунтазам иштирок этиб келяпмиз. Жумладан, ҳар йили “Plastex Uzbekistan” кўргазмасида қатнашамиз. Шунингдек, яқинда бўлиб ўтадиган “Aquatherm” кўргазмасида ҳам иштирок этишни режалаштирганмиз.
Умуман, соҳамизга оид кўргазмаларда ҳар йили фаол қатнашиб, маҳсулотларимизни кенг намойиш этиб келяпмиз.
Яҳё Абдуллоҳиён – "SAB POLYMER" компаниясининг экспорт бўйича вице-президенти:
– Биз Эрондан Ўзбекистонга пластмасса саноати учун турли хил полимер хомашёларини экспорт қиламиз. Жумладан, қайта ишланган пластик материаллар, полимер компаундлар ва бирламчи хомашё маҳсулотларини етказиб берамиз.
"SAB POLYMER" компанияси Эроннинг Теҳрон шаҳрида фаолият юритади. Асосий йўналишларимиз пластмасса саноати учун полимер хомашёси, қайта ишланган пластик материаллар ва полимер компаундларни ишлаб чиқариш ҳамда халқаро бозорларга етказиб беришдан иборат.
Ўзбекистон ҳам биз учун муҳим бозорлардан бири. Мамлакатнинг турли шаҳарларига маҳсулотларимизни етказиб бериш ва маҳаллий ҳамкорлар билан ишлаш имкониятига эгамиз.
Бу йил “Plastex Uzbekistan 2026” кўргазмасида ҳам ўз стендимиз билан иштирок этдик. Кўргазма жуда яхши ташкил этилган. Бу тадбирда иккинчи марта қатнашяпмиз. Ўтган йилги иштирокимиз ҳам яхши натижа бергани учун бу йил яна қатнашишга қарор қилдик.
Ўзбекистондаги фаолиятимизни келгусида ҳам давом эттириш ва ҳамкорлигимизни янада кенгайтиришни истаймиз.
Лео Ли – Хитойнинг "Zhejiang New Debao Machinery Co., Ltd." компанияси сотув бўлими менежери:
– Биз Хитойда қоғоз стакан ва қоғоз идишлар ишлаб чиқариш учун мўлжалланган ускуналарни ишлаб чиқарамиз. Бу соҳада 26 йилдан ортиқ тажрибага эгамиз.
Бу менинг “Plastex Uzbekistan 2026” кўргазмасида иккинчи марта иштирок этишим. Компаниямиз Ўзбекистон бозоридаги фаолиятини кенгайтиришга қизиқмоқда. Чунки бу ерда талаб тобора ортиб бораётганини кўряпмиз.
Ўзбекистонда сутли чой ва қаҳвахоналар, шунингдек, тез овқатланиш шохобчалари сони кўпайиб бормоқда. Шу сабабли қоғоз стакан ва бир марталик идишларга бўлган талаб ҳам ортиб бормоқда.
Шу мақсадда кўргазмада ўз ускуналаримизни намойиш этяпмиз. Ускуналаримиз қаҳвахоналар, сутли чой дўконлари, тез овқатланиш шохобчалари ва олиб кетиладиган таомлар бизнеси учун жуда қулай.
Ўзбекистон бозорида маҳсулотларимизни янада кенгроқ танитиш ва маҳаллий ҳамкорлар билан ишлашни мақсад қилганмиз.
Умуман олганда, кўргазмада маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан бир қаторда, хорижий компанияларнинг ҳам фаол иштирок этаётгани пластмасса ва полимерлар саноатида халқаро ҳамкорлик алоқалари кенгайиб бораётганидан далолат беради. Иштирокчилар Ўзбекистон бозоридаги имкониятларга юқори қизиқиш билдириб, замонавий технологиялар, сифатли хомашё ва тайёр маҳсулотлар йўналишида ҳамкорликни янада кенгайтиришга интилаётганини қайд этди.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева
ёзиб олди.