Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгаши котибияти раҳбари Азиз Ғофуров ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
– Асосий сигналлардан бири – “Franklin Templeton” каби йирик институционал инвесторларнинг Ўзбекистон бозорига киришидир, – дейди А.Ғофуров. – Ушбу компаниялар инвестиция қарорларини қабул қилишдан олдин хавф-хатар ва эҳтимолий фойдани синчковлик билан ўрганади. Мавжуд вазият Ўзбекистоннинг инвестиция таваккалчилиги сезиларли даражада пасайганидан далолат беради. Яъни, бизда фойда прогнози хавотирдан аниқ устун.
Экспертнинг сўзларига кўра, бундай нуфузли даъвогарларнинг қизиқиши мамлакатдаги макроиқтисодий вазият барқарорлиги, амалга оширилаётган ислоҳотларга ишонч ортиб бораётганидан далолат.
Халқаро рейтинглар барқарорликни тасдиқлайди
– “S&P Global Ratings” халқаро агентлиги томонидан 2025 йил май ойида Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги прогнози “ижобий”га ўзгартирилгани мамлакатимизга ишонч ортиб бораётганининг яна бир тасдиғидир. Ушбу қарор макроиқтисодий барқарорлик ва ислоҳотларга содиқликнинг муҳим эътирофи, – дейди Ғофуров.
Шунингдек, у Тошкент халқаро инвестиция форумига иштирокчилар томонидан қизиқиш ортиб бораётганига ҳам эътибор қаратди:
– Иштирокчилар ва хорижий делегациялар сони йил сайин кўпаймоқда. Демак, республикамизга истиқболли сармоя йўналиши сифатида қизиқиш ортяпти. Ўзбекистон географик жойлашуви ва иқтисодий салоҳияти туфайли инвесторлар учун ноёб имкониятлар тақдим этади. Марказий Осиёда энг кўп аҳолига эга давлат сифатида юртимиз минтақанинг стратегик муҳим марказида жойлашган. Бу инвесторларга нафақат ички бозор, балки кенг минтақавий маконга ҳам кириш имконини беради.
Геосиёсий барқарорлик ва логистика афзаллиги
Шунингдек, Азиз Ғофуров ташқи сиёсат ва инфратузилмани ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади:
– Дунё қудратли давлатлари ва қўшнилар билан алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган кўп векторли ташқи сиёсатимиз сармоядорларга геосиёсий барқарорлик туйғусини беради. Ёш, билимли ишчи кучи, логистика бўйича кенг имконият, жумладан халқаро транспорт йўлаклари Ўзбекистонни Марказий Осиёга сармоя жалб қилувчига айлантирмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон иқтисодий жиҳатдан фаол ўзгармоқда, олдинга силжиш аниқ намоён бўлмоқда.
Хорижий инвесторлар кенгаши мамлакатни ўзгартиришда муҳим роль ўйнайди, инвестор ва ҳукумат ўртасидаги бўғин вазифасини ўтайди. Ўзбекистон иқтисодий сиёсатни шакллантиришда реактивликдан проактив ёндашувга ўтмоқда. Бу халқаро ҳамжамиятга замонавий ва очиқ иқтисодиётни барпо этиш тарафдори эканлигимизни яққол кўрсатади.
Биз тартибга солувчи ислоҳот билан бирга башорат қилиш учун ҳам шарт-шароит яратмоқдамиз. Инвестор ўзини нима кутаётганини билиш, янги қонун, процессуал ўзгариш ёки стратегик ташаббус бўладими, ҳаммасини олдиндан тушунишни истайди. Котибият иши орқали биз маълумотга эрта киришни ва доимий ўзаро ҳамкорликни таъминлаймиз. Натижада компаниялар ўз фаолиятини аниқроқ режалаштира олади, ривожланаётган иқтисодиётлардаги асосий хавфлардан бири – кутилмаган омилни камайтиради.
Инсон капиталини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш
Шунингдек, мутахассис хусусий сектор билан ҳамкорликда инсон капиталини ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатни қайд этди:
– Биз сармоядорларнинг малакали кадрлар тайёрлашдаги иштирокини рағбатлантирамиз. Йирик компаниялар, жумладан халқаро консалтинг ва молиявий ташкилотлар маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш учун аллақачон корпоратив академиялар очган.
Энергетика, банк иши каби анъанавий соҳалар билан бир қаторда иқтисодиётнинг янги тармоқларига ҳам қизиқиш ортмоқда.
Бугун туризм, логистика, рақамли хизмат ва креатив индустрияга фаол қизиқиш бор. Айниқса, ҳозир давлат томонидан тобора кўпроқ қўллаб-қувватланаётган, улкан салоҳиятга эга соҳа – туризмни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Барқарор технология ҳам эътибордан четда қолмайди. Йил сайин “яшил” инфратузилма ва қайта тикланадиган энергетика соҳасидаги лойиҳалар – биринчи навбатда қуёш ва шамол қурилмаларига қизиқиш кучаймоқда. Ушбу ташаббусларда “ACWA Power” ва “Masdar” каби нуфузли жамоалар фаол. Бу соҳалар Ўзбекистон-2030 стратегиясининг устувор йўналишлари билан чамбарчас боғлиқдир.
Янги соҳаларга қизиқиш ортмоқда
Котибият раҳбари сўзларига кўра, жаҳон институционал инвесторларининг эътибори мамлакатда бозор жозибадорлиги ошаётганини тасдиқлайди:
– Кўпгина етакчи халқаро компаниялар Ўзбекистонга нафақат имконият, балки устувор манзил сифатида қарайди. Айримлар аллақачон “кўк чип” деб аталмиш юқори қўшимча қийматга ва узоқ муддатли салоҳиятга эга соҳаларга сармоя киритмоқда. Бу мамлакатимиз камолотнинг янги босқичига чиққанидан далолат.
Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ва жадал ижодий муҳити – ҳунармандлик ва дизайндан тортиб архитектура ва ошхонагача – бунёдкорлик иқтисодиётини ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратади. Сайёҳлар оқими ўсиши билан бирга бу ҳудудлар маданий ва реал тижорат имкониятини очади.
Сўнгги йилларда мамлакатимиз бозорини либераллаштириш ва шаффофликни ошириш бўйича ислоҳотлар фаол амалга оширилмоқда. Бу сармоявий муҳитни сезиларли даражада яхшилаш имконини берди. Хусусан, 2024 йил Ўзбекистонга киритилган сармоянинг умумий миқдори 34,6 миллиард долларга етди. Шундан 11,9 миллиард доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестиция. Мазкур сармоя ҳисобидан республика бўйича 32 700 дан ортиқ янги иш ўрни яратилиб, 242 янги лойиҳа ишга туширилди.
Бундай ёндашув Ўзбекистон асосий эътиборни иқтисодиёт модернизациясига, хорижий тадбиркорлар учун қулай муҳит яратишга қаратаётганидан далолатдир.
Муҳаррама Пирматова тайёрлади.
ЎзА