Иқтисодий манзара: Ўзбекистон жаҳон бозори сари
Мустақиллик йилларида Ўзбекистон иқтисодиёти ёпиқ ва хом ашёга йўналтирилган тизимдан босқичма-босқич очиқ ва жаҳон бозорига жадал интеграциялашаётган замонавий моделга ўтди. Сўнгги йилларда амалга оширилган кескин таркибий ислоҳотлар, хусусан 2017 йил миллий валюта эркин конвертацияси йўлга қўйилиши ва солиқ тизими либераллаштирилиши мамлакатнинг халқаро иқтисодий майдондаги мавқеини тубдан ўзгартирди.
Валюта бозори очилиши ва сармоядорлар ҳуқуқи қонуний муҳофаза қилиниши хорижий капитал жалб этишда асосий омил бўлди. Натижада мамлакатга кириб келаётган тўғридан-тўғри хорижий сармоя миқдори бир неча баробар ортди ва бу маблағ нафақат анъанавий тоғ-кон саноати, балки “яшил” энергетика, тўқимачилик, фармацевтика ҳамда электротехника каби юқори қўшилган қиймат яратувчи соҳаларга йўналтирилди.
Инвестиция муҳити яхшиланиши баробарида ташқи савдо географияси ва экспорт таркиби кенгайди. Илгари экспортнинг асосий қисмини қайта ишланмаган пахта хом ашёси ва табиий газ ташкил этган. Бугунги кунда пахтани хом ашё сифатида экспорт қилишдан тўлиқ воз кечилиб, тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Эндиликда Ўзбекистоннинг ташқи савдо географияси 160 дан зиёд мамлакатни қамраб олди. Хитой, Россия, Туркия, Жанубий Корея ва Марказий Осиё давлатлари асосий савдо ҳамкорларимизга айланган. Европа Иттифоқининг GSP+ преференция тизимига аъзо бўлиш орқали миллий маҳсулотларни кўҳна қитъа бозорига божсиз олиб кириш имкони яратилди. Шу тариқа маҳаллий ишлаб чиқарувчилар дунё стандартига мослашиши жараёни тезлашди.
Глобал иқтисодий майдонга чуқур кириб бориш Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки каби халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқди. Мамлакат илк бор халқаро капитал бозорида суверен евробондларни муваффақиятли жойлаштириб, “Fitch Ratings, S&P” ҳамда “Moody’s каби нуфузли рейтинг агентликлари томонидан барқарор кредит кўрсаткичига эга давлатлар қаторида эътироф этилди.
Юқори молиявий ишонч туфайли “ACWA Power”, “Masdar”, “Total Energies” каби дунёнинг етакчи трансмиллий компаниялари юртимизга йирик стратегик лойиҳалар билан кириб келди. Мустақиллик давридаги энг муҳим қадамлардан бири Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни фаоллашгани ва Марказий Осиёда янги транспорт-логистика йўлаклари ривожлантирилаётганидир. Бундай саъй-ҳаракатлар Ўзбекистонни жаҳон хўжалигининг ажралмас, рақобатбардош ва ишончли ҳамкорига айлантириши шубҳасиз.
Фардона Яхшибоева, ЎзА