Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатлари экспертлар нигоҳида
Умумий тарих, маънавий қадриятлар бирлаштирган Ўзбекистон ва Тожикистон Буюк ипак йўлининг ўта муҳим бўғини – Марказий Осиёнинг икки муҳим давлатидир.
Бу икки қардош халқни биродарликнинг ўзига хос ришталари боғлаб туради. Асрлар мобайнида ёнма-ён, бир оила аъзоларидек, аҳил-иноқ яшаб келаётган ўзбек ва тожик хурсандчиликда ҳам, ғам булути соя ташлаганда ҳам доимо бирга бўлган. Содда қилиб айтганда, ўзбек ва тожик миллатини дуторнинг икки торига қиёслаш мумкин.
Бугунги кунда самарали, ўзаро манфаатли Ўзбекистон ва Тожикистон ҳамкорлиги икки халқнинг узоқ муддатли манфаатларига мос келиши баробарида Марказий Осиёдек кенг қамровли минтақада тинчлик, барқарорлик, хавфсизлик ва изчил тараққиётни таъминлашда муҳим омил ҳисобланади.
“Халқаро минбар” лойиҳасида икки мамлакат экспертлари – сиёсатшунослик фанлари доктори Фарход Толипов ва Тожикистон Сиёсатшунослар миллий ассоциацияси директори Абдуғани Мамадазимов Ўзбекистон – Тожикистон муносабатлари ва Марказий Осиё минтақасидаги геосиёсий вазият хусусида фикр юритади.
Фарход Толипов, сиёсатшунослик фанлари доктори:

– Икки халқнинг мустаҳкам дўстлиги, яхши қўшничилиги, ўзаро ҳурматга асосланган кўп асрлик тарихий ва маданий муштараклиги мамлакатларимиз мустақилликни қўлга киритганидан кейинги йилларда ҳам муносабатлар ривожида асосий омил бўлиб келмоқда. Ҳамкорликнинг асосий тамойили 1993 йил 4 январда имзоланган “Дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисида”ги шартнома, 2000 йил 15 июнда кучга кирган “Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома” ҳамда 2018 йил 17 августда қабул қилинган “Стратегик шериклик тўғрисида”ги шартномада муҳрланган.
Давлат етакчиларининг сиёсий иродаси ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги тарихий шартнома имзоланди.

Муносабатлар ривожланмоқда. Бу кўп жиҳатдан Ўзбекистоннинг минтақавий сиёсати билан боғлиқ. Президент Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши эканини эълон қилган. Жумладан, ўзбек-тожик муносабатларининг янги босқичга кўтарилиши халқаро майдонда кузатилаётган жадал ўзгаришлар ва минтақадаги вазият билан боғлиқ. Умумий ҳудудимиз хавфсизлиги учун юзага келиши мумкин бўлган муаммолар ушбу икки давлат сиёсатини мувофиқлаштиришни тақозо қилмоқда.
Иқтисодий ҳамкорлигимиз, асосан, саноат кооперацияси, тоғ-кон, электротехника, траспорт, енгил саноат, тиббиёт, илм-фан, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, авто ва темирйўл инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш каби соҳаларда, шунингдек минтақалараро мулоқот соҳасида амалга оширилмоқда.

Минтақа миқёсидаги барча муносабатлар ҳам ОАВ, ҳам экспертлар ҳамжамияти эътиборини тортади. Айни вазиятда шуни қайд этиш лозимки, ўзбек-тожик муносабатлари икки мамлакат учун ҳам, бутун минтақа учун ҳам алоҳида аҳамиятга эга.
Абдуғани Мамадазимов, Тожикистон Мустақил сиёсатшунослар ассоциацияси раҳбари:

– Икки қўшни мамлакат муносабати тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликнинг янги даражасига кўтарилмоқда. Халқларимиз сўнгги бир неча йил ичида юз берган беқиёс ўзгаришларга бевосита гувоҳ.
Бу саъй-ҳаракатлар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиёни қайта тиклашга қаратилган ва энг муҳими, ўз вақтида илгари сурилган муҳим ташаббусларини тўлдиради, ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Энди фақат ташаббусларни муваффақиятли амалга ошириш зарур.
Ўзаро савдо-иқтисодий алоқани ҳудудлар даражасида ҳам ривожлантиришимиз керак. Масалан, Сурхондарё билан Хатлон, Сўғд билан Фарғона ўртасида ёки Жиззах ва Тошкент вилоятлари билан умумий кооперация алоқалари янада фаоллашади.

Ўзбекистон ва Тожикистон БМТ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва Оролни қутқариш халқаро жамғармаси доирасида яқин шериклар сифатида бир-бири ташаббусларини мунтазам қўллаб-қувватламоқда.
Тожикистон раҳбарияти Ўзбекистонда мамлакат салоҳиятини мустаҳкамлаш, миллий иқтисодиётни ривожлантириш, халқ фаровонлигини ошириш ва давлатнинг халқаро обрў-эътиборини янада кўтариш мақсадида амалга оширилаётган кенг қамровли ўзгаришларни эътироф этади. Минтақавий ҳамкорликни фаоллаштириш, жумладан Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувларини мунтазам ўтказиш ташаббусини маъқуллайди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Президент Эмомали Раҳмоннинг Тожикистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, минтақа хавфсизлигини мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатини қўллаб-қувватламоқда.

Шубҳа йўқки, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи мамлакатлараро ҳамкорлик салоҳиятини юзага чиқаришда муҳим қадам бўлади. Ташриф доирасида Тожикистоннинг Тошкент шаҳридаги элчихонаси янги биноси очилади. Бу муҳташам марказ анъанавий дўстлик, яхши қўшничиликни ҳар томонлама ривожлантириш, биродарликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Хулоса шуки, ўзбек-тожик муносабатларини янада ривожлантириш дунё миқёсида аҳамияти тобора ортаётган Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни сақлашга улкан ҳисса қўшади. Бундай ёндашув бугун тинчлик ҳақида ўйламасдан, қандайдир масалалар устида тортишаётган давлатлар учун намуна, деб ўйлайман.
Ўткир Алимов тайёрлади.
ЎзА