Ўзбекистон – Тожикистон: ўзаро ишонч ва умумий тараққиёт йўлида
Бугунги кунда Ўзбекистон – Тожикистон муносабатлари изчил ривожланиб, стратегик шериклик даражасига кўтарилди ва мазмунан янада бойиб бормоқда. Икки давлат алоқалари нафақат сиёсий, балки иқтисодий, маданий ва дипломатик жиҳатдан ҳам кўп қиррали тус олган.
Бу муносабатлар тарихий аҳамиятга эга бўлиб, халқлар ўртасидаги яқинлик умумий тарих, маданият ва маънавий қадриятлар асосида шаклланган. Ўзаро ҳурмат ва яхши қўшничиликнинг кўп асрлик анъаналари алоқаларнинг мустаҳкам пойдеворидир. Шу жиҳатдан цивилизацион яқинлик икки халқни бир-бирига янада яқинлаштирувчи муҳим омил сифатида намоён бўляпти.
Шу билан бирга, замонавий босқичда Ўзбекистон – Тожикистон муносабатлари янги сифат касб этмоқда. Айни жараёнда икки давлат раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмоннинг қатъий сиёсий иродаси, ўзаро ишончга асосланган мулоқотлари ва стратегик ёндашувлари ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.
Маълумки, икки мамлакат ҳамкорлигининг ҳуқуқий асоси қатор муҳим ҳужжатлар билан мустаҳкамланган. Жумладан, 1993 йил 4 январда имзоланган “Дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисида”ги шартнома, 2000 йил 15 июнда кучга кирган “Абадий дўстлик тўғрисида”ги шартнома ҳамда 2018 йил 17 августда қабул қилинган “Стратегик шериклик тўғрисида”ги битим муносабатларнинг ҳуқуқий пойдеворини белгилаб берган.
Ҳозирги мураккаб ва зиддиятларга бой халқаро вазиятда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги иттифоқчилик муносабатлари алоҳида аҳамият касб этмоқда. Давлат раҳбарларининг уйғун сиёсий иродаси ва амалий ҳамкорлиги туфайли икки томонлама алоқалар барқарор, изчил ривожланмоқда.
Айниқса, минтақавий хавфсизлик масаласи ҳамкорликни янада чуқурлаштиришни тақозо этмоқда. Умумий ҳудудда юзага келиши мумкин бўлган таҳдидларга қарши биргаликда чора кўриш, ташқи сиёсатни мувофиқлаштириш бугунги куннинг муҳим талабларидан бирига айланган.
Иқтисодий ҳамкорлик эса саноат кооперацияси, тоғ-кон саноати, электротехника, транспорт, енгил саноат, тиббиёт, илм-фан ҳамда қишлоқ хўжалиги машинасозлиги каби соҳаларда фаол ривожланмоқда. Шунингдек, автомобиль ва темир йўл инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Олиб борилаётган изчил саъй-ҳаракатлар натижасида икки томонлама савдо ҳажми сезиларли даражада ошди. Хусусан, 2016 йилдан буён савдо айланмаси қарийб тўрт баробар ўсиб, 2025 йил якунида 900 миллион долларни ташкил этди.
Саноат кооперацияси кенгайиши Афғонистон ва Жанубий Осиё бозорига биргаликда чиқиш учун янги имконият яратмоқда. Натижада икки давлат ҳамкорлигининг нафақат минтақавий, балки халқаро аҳамияти ҳам ортяпти.
Умуман, муносабатларнинг бугунги босқичи цивилизацион яқинлик, ўзаро манфаат ва узоқ муддатли стратегик мақсадлар уйғунлигига асосланган янги сифат даражасини намоён этмоқда.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларини изчил қўллаб-қувватлаб келмоқда. Шу тариқа ўзбек-тожик муносабатлари янги босқичга кўтарилиб, Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга хизмат қиляпти.
Умуман, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги иттифоқчилик муносабати нафақат икки томон манфаати, балки бутун Марказий Осиёда барқарорлик, ҳамкорлик муҳитини мустаҳкамлашга беқиёс ҳисса қўшмоқда.
Сайфиддин Жўраев,
Сиёсий фанлар доктори, профессор
ЎзА