“Ҳуқуқий маслаҳатлар куни” акцияси ўтказилди
Жорий йилнинг 25-26 март кунлари Қорақалпоғистон Республикасида ҳам “Юксалиш” ҳаракати, Ўзбекистон Нотариал палатаси ҳамкорлигида “Менинг оилам – менинг ҳуқуқим” шиори остида навбатдаги нотариуслардан бепул ҳуқуқий маслаҳатлар куни акцияси ўтказилмоқда.
“Юксалиш” ҳаракати ва Нотариал палата ўртасидаги ҳамкорлик 2020 йил сентябрь ойида имзоланган Меморандум доирасида йўлга қўйилган. Унда фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, нотариат соҳасини ислоҳ қилиш жараёнига фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, эксперт ва олимларни фаол жалб этиш, шу жумладан, хайрия тадбирлари ва жойларда тарғибот ишларини олиб бориш юзасидан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишувга эришилди.
Ўзбекистон Республикаси “Нотариат тўғрисида”ги Қонунининг Нотариал палатага бағишланган бобида аҳолининг ҳуқуқий билимларини ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган ҳуқуқий тарғибот тадбирларини амалга ошириш белгилаб қўйилган. Бу галги акция Нукус шаҳри, Амударё, Қораўзак, Тўрткўл ҳамда Хўжайли туманларида ўтказилмоқда.

Бундан кўзланган мақсад – фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, аҳоли билан мулоқот механизмини яратиш, ҳуқуқни қўллаш соҳасида муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этишга қаратилган фикр-мулоҳазаларни тайёрлашдан иборат. Шунингдек, фуқароларга турли ҳуқуқий муаммоли масалаларда амалий ёрдам кўрсатиш бўлиб ҳисобланади.
Тадбир давомида фуқаролардан уй-жой, хонадон, мулк, олди-сотди, мерос ҳуқуқи, оилавий муносабатлар ва никоҳ шартномасини расмийлаштириш, ишончнома ва аризани расмийлаштириш, совға, ижара, ҳужжат таржимасини тасдиқлаш ҳамда миграция ва нотариал соҳага алоқадор бўлмаган, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа турли масалалар бўйича мурожаат келиб тушди.
Нотариус ва юрист ходимлар томонидан уларга бепул ҳуқуқий маслаҳат, амалга ошириладиган нотариал ҳаракатлар, идораларда нотариал иш юритиш қоидалари ва “E-notarius.uz” ахборот портали тўғрисида тушунча берилди. Иштирокчиларга ҳуқуқий билимлар куни муносабати билан тайёрланган тарғибот материаллари тарқатилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.