Маҳаллий кенгашларнинг ахборот майдонидаги фаолияти кучаяди
Андижон шаҳар ҳокимлигида “Маҳаллий Кенгашларнинг ижтимоий тармоқлардаги фаолиятини самарали ташкил этиш” мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Халқ депутатлари Андижон вилояти кенгаши котибияти ҳамда Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси ҳамкорлигида ташкил этилган семинарда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари котибиятлари ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
– Тадбирдан кўзланган асосий мақсад, маҳаллий кенгашларнинг ижтимоий тармоқлардаги фаолиятини тизимли йўлга қўйиш орқали давлат бошқарувида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишга қаратилди, – дейди халқ депутатлари вилоят кенгаши котибияти мудири Насибахон Тўйчиева. – Қолаверса, депутатлар ва халқ ўртасидаги мулоқотни кучайтириш ҳамда амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг ёритиш орқали фуқароларнинг вакиллик органларига бўлган ишончини мустаҳкамлашдан иборат.

Семинарда бугунги кунда ижтимоий тармоқлар оддий ахборот канали чегарасидан чиқиб, давлат органларининг халқ билан мулоқот қилиши, очиқлик ва ишончни мустаҳкамлаш воситасига айланганлиги таъкидланди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида маҳаллий кенгашларга кенг ваколатлар берилган бўлса-да, ахборот-тарғибот тизимининг етарли даражада йўлга қўйилмагани фуқароларнинг депутатларга бўлган ишончига салбий таъсир этаётганлиги ҳам айтиб ўтилди.
Семинарда маҳаллий кенгашларнинг расмий саҳифаларини юритиш, уларга қўйиладиган талаблар хусусида фикр юритилиб, иштирокчиларга депутатлик сўровлари, сессия жараёнлари ва доимий комиссиялар йиғилишларини ёритиш бўйича амалий тавсиялар берилди. Шунингдек, ижтимоий тармоқлар орқали олиб борилаётган тарғибот кенгашлар нуфузини ошириши, фуқароларнинг ишончини мустаҳкамлаши ва очиқ давлат бошқарувига хизмат қилиши қайд этилди.

Семинар якунида муҳокама этилган масалалар юзасидан аниқ таклиф ва амалий тавсиялар илгари сурилиб, яқин истиқболда амалга оширилиши зарур вазифалар белгилаб олинди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА.