Ўзбекистон ва Ироқ туризм ҳамда авиақатновлар соҳасида ҳамкорликка келишди
Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Ўзбекистон ва Ироқ ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим музокаралар бўлиб ўтди.
Томонлар сайёҳлар алмашинувини кўпайтириш, инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш ва икки давлат ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилди.
Форум доирасида Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов Ироқ Иқтисодий кенгаши бош директори Хайдер Али Хади ҳамда Ироқ ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашув ўтказди.
Музокаралар давомида туризм, инвестициялар ва ишбилармонлик алмашинувлари соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди. Томонлар икки мамлакат фуқароларининг Ўзбекистон ва Ироқнинг сайёҳлик имкониятларига бўлган қизиқиши ортиб бораётганини таъкидлаб, бу ҳолат ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш учун янги имкониятлар яратаётганини қайд этди.
Учрашувда сайёҳлар оқимини кўпайтириш, икки мамлакат бозорларида Ўзбекистон ва Ироқнинг туризм салоҳиятини тарғиб қилиш бўйича қўшма тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, сайёҳлик компаниялари ва соҳа ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, томонлар Ўзбекистон ва Ироқ ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш истиқболларини муҳокама қилди. Жумладан, Бағдод – Тошкент йўналиши бўйича мунтазам парвозларни ташкил этиш имкониятлари кўриб чиқилди. Бу эса туризм ва ишбилармонлик алоқаларининг янада фаоллашишига хизмат қилиши таъкидланди.
Учрашув якунида икки мамлакат туризм соҳаси вакиллари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, бизнес-миссиялар ва B2B учрашувларини мунтазам ўтказиш амалиётини кенгайтириш, шунингдек, Ўзбекистон ва Ироқнинг туризм салоҳиятини ҳар икки мамлакат бозорларида биргаликда тарғиб қилиш бўйича келишувга эришилди.
Мутасаддилар мазкур ҳамкорлик икки давлат ўртасидаги иқтисодий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашга, сайёҳлар оқимини оширишга ҳамда янги инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга хизмат қилишини таъкидлади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА