Ўзбекистон Ироқнинг Курдистон минтақаси билан туризм соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқда
Мамлакатимиз туризм соҳасида халқаро ҳамкорлик географиясини кенгайтиришда давом этмоқда.
Бу сафар эътибор Яқин Шарқнинг муҳим иқтисодий ҳудудларидан бири — Ироқнинг Курдистон минтақаси билан ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилди.
Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси ўринбосари С.Бобокалоновнинг Ироқ Курдистон минтақаси Савдо-саноат палаталари федерацияси президенти Гайлан Саид Азиз билан ўтказган расмий учрашувида туризм соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.

Музокараларда мамлакатлар ўртасидаги туристик алмашинувни кенгайтириш, мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш ҳамда ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Айниқса, тарихий-маданий, оилавий ва зиёрат туризми йўналишларида қўшма туристик маҳсулотлар яратиш учун икки мамлакат туроператорлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.

Учрашувда инвестициявий шериклик ҳам кун тартибининг асосий мавзуларидан бири бўлди. Ироқ ишбилармон доиралари вакилларига Ўзбекистонда тоғ-курортлари, замонавий меҳмонхона мажмуалари ҳамда бошқа туризм инфратузилмаси объектларини барпо этишга қаратилган инвестиция лойиҳаларида иштирок этиш таклиф этилди.
Шунингдек, Ироқ делегацияси Ўзбекистоннинг энг йирик туристик тадбирларидан бири ҳисобланган Тошкент халқаро туризм ярмаркасида иштирок этишга таклиф қилинди. Мазкур майдон хорижий ҳамкорлар билан В2В учрашувлар ўтказиш, янги ишбилармонлик алоқаларини йўлга қўйиш ва истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилиш учун муҳим имконият ҳисобланади.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, мазкур мулоқот Ўзбекистон ва Ироқ Курдистон минтақаси ўртасида туризм соҳасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва инвестициявий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА