Ўзбекистон ва Эрон туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди
Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳаммадали Искандарий билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида икки мамлакат ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, сайёҳлар алмашинувини кўпайтириш ҳамда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар Ўзбекистон ва Эроннинг бой тарихий-маданий мероси ҳамда зиёрат туризми, маданий туризм ва тиббий туризм йўналишларидаги салоҳиятини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Учрашувда мамлакатлар ўртасидаги тўғридан-тўғри авиақатновлар сонини ошириш, туристик маршрутларни диверсификация қилиш ва сайёҳлар учун янада қулай шароитлар яратиш юзасидан ҳам фикр алмашилди. Шунингдек, Эрон томони ўз фуқаролари учун виза тартиб-таомилларини янада соддалаштириш бўйича таклиф билдирди.
Музокаралар якунида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини Эрон бозорида кенг тарғиб қилиш, икки давлатнинг тарихий ва маданий бойликларини ўзаро танитиш ҳамда сайёҳлар оқимини изчил ошириш бўйича ҳамкорликни янада фаоллаштиришга келишиб олинди.
Мазкур учрашув Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги туризм соҳасидаги шерикликни янги босқичга олиб чиқиш, иқтисодий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда икки мамлакат халқлари ўртасидаги дўстона муносабатларни янада ривожлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА