Ўзбекистон ва Ҳиндистон ижодий ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгиламоқда
Маданият вазирлигида Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги туризм бренди элчиси, таниқли ҳиндистонлик дизайнер Риту Бери билан учрашув бўлиб ўтди. Меҳмонни Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Нодирбек Сайфуллаев қабул қилди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги маданий алоқаларни янада ривожлантириш, икки мамлакатнинг бой маданияти ва санъатини ўзаро тарғиб қилиш, халқаро маданий тадбирларда ижодкорлар ва соҳа вакилларининг фаол иштирокини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Маданият ва санъат билан бир қаторда мода ва дизайн соҳаларида ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, қўшма ижодий лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда икки мамлакат ижодкорлари ўртасида профессионал алоқаларни кенгайтириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Мулоқот давомида Риту Берининг кўп йиллик ижодий фаолияти, халқаро мода соҳасидаги лойиҳалари ва Ўзбекистон билан маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси қайд этилди. Унинг 2019 йилда Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги туризм бренди элчиси этиб тайинлангани ҳам таъкидланди.
Риту Бери Ўзбекистоннинг тарихи ва маданиятини Ҳиндистонда кенг тарғиб қилиш, шунингдек, икки мамлакат ижодкорлари иштирокида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди.
Суҳбатда Ҳиндистонда ўтказиладиган халқаро маданий тадбирларда Ўзбекистон вакилларининг мунтазам иштирокини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистонда ташкил этиладиган халқаро маданий тадбирларга ҳиндистонлик ижодкорларни жалб этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Бундай тадбирлар икки мамлакат ижодкорлари ўртасида тажриба алмашиш ва янги ҳамкорлик ташаббусларини илгари суриш учун муҳим майдон бўлиши қайд этилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон томони Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, институтнинг иқтидорли талабалари ва ёш дизайнерларининг ижодий ишларини Ҳиндистонда ҳамда халқаро майдонда намойиш этиш бўйича таклифларни билдирди.
Учрашув якунида томонлар ўзбек миллий маданиятини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш, икки мамлакат ижодий доиралари ўртасидаги профессионал алоқаларни мустаҳкамлаш, янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва маданий алмашинувни кенгайтириш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.
Н.Усмонова, ЎзА