Ўзбекистон ва Дания ўртасидаги ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди
Ўзбекистон ташқи ишлари вазири Бахтиёр Саидов Дания ташқи ишлар вазири Ларс Лёкке Расмуссен билан учрашди. Икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди, деб хабар беради мамлакатимиз Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Учрашувда қайд этилганидек, Дания Европадаги истиқболли ҳамкорларимизда бири ҳисобланади. Сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш, илмий алмашинувларни кенгайтириш, савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари эътибор марказида бўлди.
Дания сармоясини жалб қилиш ва саноат кооперациясини ривожалнтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар турли соҳаларда Дания компаниялари иштирокидаги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдирди.
Музокаралар якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси ва Дания Қироллиги ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар бўйича Ўзаро англашув Меморандуми имзоланди.
Ҳужжат ташқи ишлар идоралари ўртасида мунтазам маслаҳатларни амалга ошириш, халқаро ва минтақалараро долзарб масалалар бўйича фикр алмашиш ҳамда устувор йўналишларни муҳокама қилиш учун институционал асос яратишга қаратилган.
Учрашув ва унда эришилган келишувлар Ўзбекистон ва Дания ўртасидаги муносабатларга янгича туртки бериб, янги қўшма ташаббус ва амалий лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилади.
Азиза Алимова, ЎзА