Ўзбекистон шахмат федерациясининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Шахматни янада оммалаштириш ва ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида мамлакатимизда шахматни аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш ва уни оммавий спорт турига айлантириш, ўсиб келаётган ёш авлоднинг интеллектуал ва маданий ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, юқори иқтидорга эга бўлган ёшларни танлаш, саралаб олиш ва уларни халқаро гроссмейстерлар сифатида тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш, тренерлар учун муносиб меҳнат шароитини яратиш масалалари кўриб чиқилди.
Мамлакатимизда шахмат спорт турини ривожлантириш борасида давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббусларнинг ва белгиланган вазифаларнинг ижроси, маҳоратли шахматчиларимизнинг халқаро мусобақаларда, хусусан, Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида эришган натижалари эътиборли бўлаётганлиги таъкидланди. Ўзбекистон шахмат федерацияси мутахассислари, маҳоратли шахматчиларимиз, мураббий ва ҳакамлар иштирок этган йиғилишда ташкилий масала кўриб чиқилди. Билдирилган фикрлар ва таклифлар асосида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов мамлакат шахмат федерацияси раиси этиб сайланди.
Тадбирда келгуси йили Ўзбекистонда ўтказиладиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига тайёргарлик кўриш ишлари, шахмат федерациясининг қуйи бўғинларидаги ишларни халқаро талаблар асосида қайта кўриб чиқиш, фаолиятини янада жонлантириш, ёшлар ўртасида шахматнинг оммавийлигини оширишни янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди. Мутасаддиларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Т. Рўзиев, ЎзА