Халқаро турнир ғолиблари маълум бўлди
Термиз шаҳрида буюк аллома Ҳаким Термизий хотирасига бағишлаб “Мардлар майдони” шиори остида ўтказилган халқаро очиқ кураш турнири якунланди.
Президентимизнинг жорий йил 24 июлдаги “Буюк ватандошимиз, ҳадис ва тасаввуф илмининг етук намояндаси Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида ташкил этилган турнирда сайёрамизнинг 20 га яқин давлатидан қарийб олтмиш нафар, мамлакатимиздан юз нафар полвон гиламга тушиб, ўзаро куч синашди.

Қизғин беллашувларга бой бўлган турнирда -73 килограмм вазн тоифасида биринчи ўринни сурхондарёлик Жавоҳир Аҳмедов, иккинчи ўринни Тожикистон Республикасидан Умар Шеров, иккита учинчи ўринни сурхондарёлик Давлат Эгамов ва Қозоғистон Республикасидан Нур Аманшукуров эгаллади.

Очиқ турнирнинг -81 килограмм вазн тоифасида биринчи ўрин сурхондарёлик Иброҳим Қурбонназаровга, иккинчи ўрин Қозоғистон Республикасидан Ерзат Аргюновга, иккита учинчи ўрин қашқадарёлик Муҳаммадўст Эшдавлатов ва Тожикистон Республикасидан Сайфиддин Сайфиддинзодага насиб этди.

Мутлоқ вазн тоифасида биринчи ўринни сурхондарёлик полвон Муҳаммадкарим Хуррамов, иккинчи ўринни сирдарёлик Хусниддин Хусанов ва иккита учинчи ўринни тошкентлик Бекмурод Олтибоев ҳамда Грузия Республикасидан Гиорги Чагелишвили қўлга киритди.

Ғолиблар диплом, медаль ва пул мукофотлари билан тақдирланди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири