Ўзбекистон – Корея шериклиги янги босқичда
Сеулда бўлиб ўтган Ўзбекистон – Корея бизнес форуми икки мамлакат ўртасидаги вақт синовидан ўтган дўстлик ва алоҳида стратегик шериклик янги босқичга кўтарилаётганини яққол намоён этди. Давлатимиз раҳбарининг форумдаги нутқи эса миллий иқтисодиётимизни модернизация қилишнинг аниқ йўл харитаси сифатида эътиборга молик. Икки мамлакат имкониятларини бирлаштириш замонавий ишлаб чиқаришларни кенгайтириш, илм-фанни иқтисодиётга яқинлаштириш ва малакали меҳнатга талабни ошириш учун янги истиқболлар очмоқда.
Форумда икки мамлакат давлат тузилмалари ва ишбилармон доираларининг 300 нафардан зиёд вакили иштирок этди. Улар орасида “Hyundai Motor Group”, “Samsung C&T”, “Lotte Chemical”, “Kia Corporation”, “Shinhan Financial Group” каби жаҳонга машҳур компаниялар раҳбарлари бор. Бу Ўзбекистонга бўлган ишончнинг амалий ифодасидир. Бугун йирик сармоядорлар мамлакатимизни шунчаки савдо бозори сифатида эмас, балки узоқ муддатли ишлаб чиқариш ва технологик ҳамкорлик майдони сифатида кўрмоқда.
Мамлакатимиз етакчиси Ўзбекистоннинг табиий ресурслари, инсон капитали ва ўсиб бораётган бозорини Кореянинг илғор технологиялари, муҳандислик тажрибаси ва жаҳон брендлари билан уйғунлаштиришни таклиф этди. Корейс бизнеси Ўзбекистонда шунчаки фаолият юритишга эмас, балки янги ишлаб чиқариш қувватлари, технологиялар ва инфратузилмага сармоя киритишга чорланмоқда. Мақсад – юртимизни минтақадаги асосий ишлаб чиқариш, технологик ва экспорт майдонларидан бирига айлантириш.
Нутқдаги энг муҳим ғоя – шунчаки хомашё экспорт қилиш эмас, балки чуқур қайта ишлашдан тортиб юқори технологияли тайёр маҳсулотгача бўлган тўлиқ ишлаб чиқариш занжирларини яратиш. Йиғув ишлаб чиқаришларидан замонавий, тўлиқ циклли кластерларга ўтиш вазифаси ҳам шунга асосланади.
Бу йўналиш аниқ кўрсаткичларга таянади: муҳим минераллар соҳасида яқин йилларда умумий қиймати 4 миллиард доллардан ортиқ 120 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган; 2030 йилга қадар электротехника саноати ҳажмини 11 миллиард долларга, бу соҳадаги экспортни эса 5 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган.
Президентимиз илм-фан ва кадрлар тайёрлаш соҳасида икки муҳим ташаббусни илгари сурди. Биринчиси – Ўзбекистон – Корея муҳандисларни тайёрлаш ягона таълим дастурини йўлга қўйиш. Иккинчиси – Корея компаниялари, университетлари ва тадқиқот марказларини ўзбекистонлик ҳамкорлар билан ягона тандемга бирлаштириш. Технологияни сотиб олиш мумкин, аммо уни бошқарадиган, такомиллаштирадиган ва янгисини яратадиган кадрларни ўзимиз тарбиялашимиз зарур.
Интеллектуал мулк ҳуқуқига эга янги маҳсулотлар яратишга урғу берилгани ҳам бежиз эмас. Бу мамлакатимизнинг ишлаб чиқариш майдонидан ғоя ва ечимлар яратувчисига айланиш йўлини белгилайди.
Корея компанияларига мисни қайта ишлаш, электротехника ускуналари ишлаб чиқариш, автомобиль ва электромобиль саноати учун бутловчи қисмларни маҳаллийлаштириш, робототехника ва автоматлаштириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш таклиф этилди. Бу лойиҳалар саноатимизнинг технологик даражасини сифат жиҳатидан оширишга хизмат қилади.
Биофармацевтика кластери, энергияни сақлаш тизимлари, гидроэнергетика ва “яшил иқтисодиёт” бўйича таклифлар ҳар бир оилага бевосита дахлдор. Улар аҳоли саломатлиги, сифатли ва ҳамёнбоп дори воситалари ҳамда экологик хавфсизликни таъминлашга хизмат қилади. Янги Тошкентдаги объектлар, аэропортлар, темир йўллар, автомобиль магистраллари ва логистика марказлари бўйича лойиҳалар эса ҳудудлар ўртасидаги ривожланиш тафовутини қисқартиришга кўмаклашади.
“Адолат” социал-демократик партияси учун иқтисодий ўсишнинг асосий мезони – унинг инсон ҳаётида акс этишидир. Мазкур ҳамкорлик, аввало, малакали ва муносиб ҳақ тўланадиган янги иш ўринлари, ҳудудларда барқарор даромад манбалари, ёшларимиз учун ўз юртида истиқбол топиш имконияти демакдир. Зотан, хомашё сотадиган иқтисодиёт озчилик манфаатига, қайта ишлайдиган иқтисодиёт эса кўпчиликнинг фаровонлигига хизмат қилади. Бу ижтимоий адолат тамойилининг иқтисодиётдаги ифодасидир.
Озода Парпибоева,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари, ЎзА