Ўзбекистон кўчмас мулк бозори таҳлили
Бугунги кунда Ўзбекистон кўчмас мулк бозори иқтисодий ислоҳотлар ва демографик ўсиш таъсирида янги босқичга чиқмоқда. Уй-жойга бўлган талабнинг ортиши ва соҳадаги қонунчилик ўзгаришлари бозор динамикасини белгилаб берувчи асосий омиллардан бўлиб хизмат қилмоқда. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг 2026 йил март ойи бўйича таҳлиллари ҳам мамлакатда кўчмас мулк савдоси ва ижара муносабатларида сезиларли фаоллашув кузатилаётганини тасдиқлади.
Хусусан, республикада ижара нархлари кўтарилишда давом этмоқда. Айниқса пойтахтнинг Яшнобод туманида йиллик ўсиш 18,9 фоизни, Мирзо Улуғбекда 14,3 фоизни ва Яккасаройда 12,5 фоизни ташкил этди. Тошкент шаҳрида ижаранинг ўртача нархи ҳар бир квадрат метр учун қарийб 8,9 долларни ташкил қилиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10,8 фоизга юқоридир.
Шу билан бирга, март ойида республика бўйича уй-жой олди-сотди битимлари сони кескин ортиб, 43,6 мингтани ташкил қилди. Бу кўрсаткич февраль ойига нисбатан 47 фоизга кўп бўлиб, бозордаги бундай фаоллик апрель ойидан жорий этилган янги ҳисоб-китоб тартибига ўтиш билан изоҳланмоқда.
Йиллик ҳисобда эса битимлар сони 2 бараварга ошган. Ҳудудлар кесимида энг юқори ўсиш суръатлари Жиззах (73,2 фоиз), Сирдарё (64,6 фоиз) ва Наманган (63 фоиз) вилоятларида қайд этилди. Жами битимларнинг қарийб 34 фоизи Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келиб, пойтахтда бир ой давомида савдо ҳажми 44 фоизга ошди.
Нархлар динамикасига тўхталадиган бўлсак, республика бўйича иккиламчи уй-жой нархлари йиллик 10 фоизга кўтарилди. Энг катта ўсиш Сирдарё вилоятида (22 фоиз) кузатилди. Тошкент шаҳрида эса янги уйлар бозори иккиламчи бозорга нисбатан тезроқ ўсмоқда: янги қурилган уйларнинг квадрат метри йиллик 8,8 фоизга, иккиламчи бозордаги уйлар эса 5 фоизга қимматлашган. Хусусан, янги уй-жойлар сегментида Мирзо Улуғбек тумани 15,5 фоизлик кўрсаткич билан етакчилик қилмоқда.
Моҳигул Қосимова, ЎзА