Вақтида тўланмаган қарздорлик қимматга тушди
Сирдарё вилоятида солиқ қарздорлигини ундириш бўйича амалга оширилган мажбурий ижро чоралари натижасида корхонадан қарийб 166 миллион сўм маблағ ундирилди.
Маълум бўлишича, Сирдарё вилоят солиқ бошқармасининг 2026 йил 31 мартдаги қарорига асосан “Guliston D.B.” МЧЖдан 158,1 млн. сўм солиқ қарзи ундирилиши белгиланган. Қарор ижроси Мажбурий ижро бюросининг Гулистон шаҳар бўлимига юклатилган.

Бироқ қарздор томонидан белгиланган муддатларда қарз ихтиёрий равишда тўланмагани сабаб, давлат ижрочилари мажбурий чора кўришга мажбур бўлди. Жараён давомида қарздорга тегишли “BYD” русумли автомашина хатланиб, жарима майдонига жойлаштирилди.
Кўрилган таъсирчан чоралар натижасида корхона ўз қарздорлигини тўлиқ қоплади. Натижада 158,1 млн. сўм солиқ қарзи ҳамда 7,9 млн. сўм ижро йиғими тўлиқ қопланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири