Иқтисодиёт соҳаларида сунъий интеллектнинг ўрни
Андижон вилояти ҳокимлиги, “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ бошқаруви ҳамкорлигида иқтисодиёт соҳаларида сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш масалаларига бағишланган семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Семинар-тренингда туман, шаҳар ҳокимлари, уларнинг биринчи ўринбосарлари, сунъий интеллект бўйича маслаҳатчилари ҳамда вилоятда фаолият юритаётган тижорат банклари раҳбарлари иштирок этди.

Тадбирда ҳудудлар иқтисодиётини ривожлантиришда рақамлаштириш, сунъий интеллектдан фойдаланиш, уни иқтисодиётнинг барча жабҳаларига татбиқ этиш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Семинарда сунъий интеллект ёрдамида ҳудудларнинг иқтисодий ўсиши ва ривожланишини таҳлил қилиш масалалари муҳокама қилинди. Бу борада “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган янги таҳлилий платформалар тақдим этилди. Жумладан, “Dono AI” ва “AI маҳалла” каби замонавий рақамли ечимлар намойиш қилиниб, уларнинг имконият ва афзалликлари батафсил тушунтирилди.

Мазкур технологиялар катта ҳажмдаги маълумотларни тезкор ва аниқ таҳлил қилиш, шунингдек, ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўйича самарали қарорлар қабул қилиш имконини бериши алоҳида қайд этилди.
Мутахассислар томонидан мазкур йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтариш, келгусида сунъий интеллект технологияларини амалиётга кенг татбиқ этиш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири.