Ўзбекистон-Франция: футбол соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Ўзбекистон Республикаси спорт вазирлигида Франциянинг энг кўп мухлисларга эга футбол клубларидан бири саналган "Олимпик Марсел" тажрибаси асосида Ўзбекистонда мухлислик маданиятини юксалтириш, ушбу йўналишда мутахассислар малакасини ошириш ҳамда футбол ишқибозлари билан ишлаш бўйича қўшма стратегия ишлаб чиқиш масалалари юзасидан Франция Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Валид Фук ҳамда Франциянинг "Олимпик Марсел" футбол клуби халқаро ривожланиш бўйича директори ўринбосари Александр Клейтман билан учрашув ўтказилди.
Мулоқот жараёнида спорт вазири А.Икромов меҳмонларга мамлакатимизда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан спорт соҳасини ривожлантириш, замонавий инфратузилмани яратиш, оммавий ва профессионал спортни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида гапириб берди.
Ўзбекистонда футболни янада ривожлантириш, хусусан, ампутантлар ва аёллар футболи йўналишларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, тажриба алмашиш ҳамда халқаро спорт ҳамкорлигини кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Учрашувдан сўнг меҳмонлар “Олимпия шаҳарчаси” ҳудудидаги замонавий спорт иншоотлари, Адаптив жисмоний тарбия ва спорт мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ҳамда Миллий футбол маркази фаолияти билан яқиндан танишиб, мамлакатимиз спорт инфратузилмасининг имкониятларига юқори баҳо берди.
Т.Рўзиев,
ЎзА