Ўзбекистонлик гимнастикачилар Тбилисидаги халқаро турнирда шоҳсупага кўтарилди
Грузия пойтахти Тбилиси шаҳрида бадиий гимнастика бўйича халқаро турнир ўз якунига етди. Унда иштирок этган Ўзбекистон вакиллари бир қатор йўналишларда юқори натижаларни қайд этиб, шоҳсупага кўтарилди.
Мусобақада Гимнастика бўйича ихтисослаштирилган республика болалар-ўсмирлар олимпия захиралари спорт мактаби тарбияланувчилари муваффақиятли иштирок этди. Ёшлар ўртасида яккалик машқлар бўйича Самирa Қудратова тўп билан бажарилган машқларда кумуш медалга сазовор бўлди. Комила Юсупова эса ҳалқа билан машқларда бронза, тасма билан чиқишида кумуш медални қўлга киритди.
Гуруҳ машқларида спорт мактаби жамоаси кўпкурашда олтин медалга сазовор бўлди. Финал баҳсларида эса бешта тўп билан бажарилган машқларда кумуш, бешта тасма билан чиқишда олтин медални қўлга киритди.
Катталар ўртасида яккалик машқлар бўйича кўпкурашда Сабрина Зарифбоева олтин, Ясмина Алимардонова кумуш медаль билан тақдирланди. Финал баҳсларида Ясмина Алимардонова тўп билан машқда, Сабрина Зарифбоева эса булава ва тасма билан чиқишларда ғолиб бўлди.

Шунингдек, катталар ўртасида гуруҳ машқларида спорт мактаби жамоаси кўпкураш дастурида олтин медалга сазовор бўлди. Шу тариқа, ўзбекистонлик гимнастикачилар Тбилисидаги халқаро турнирни бир қатор совринли натижалар билан якунлади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА