Ўзбекистон байроғи: ғалабалар билан юксалган миллий ғурур
Ўзбекистон Давлат байроғи нафақат мустақиллик рамзи, балки халқаро майдонлардаги ғалабаларимиз ва миллий ғуруримиз тимсолидир.
18 ноябрь — Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун. 1991 йилнинг шу санасида Олий Кенгашнинг саккизинчи сессиясида «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Шу тариқа мустақил давлатимизнинг асосий рамзларидан бири ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди.
Шундан буён байроғимиз мамлакатимиз суверенитети, халқимизнинг бирдамлиги ва миллий ғурури тимсоли сифатида қадрланади. У расмий тадбирлар ва халқаро анжуманларда юртимизни намоён этса, спорт мусобақаларидаги ғалабалар орқали ҳам Ўзбекистон номини дунёга танитади.
Айниқса, спортчимиз шоҳсупага кўтарилиб, байроғимиз баланд ҳилпираган, мадҳиямиз янграган лаҳзаларнинг қадри ўзгача. Бу манзара ортида йиллар давомидаги машаққатли меҳнат, мураббийлар фидойилиги, ота-оналарнинг ишончи ва бутун халқнинг қувончи мужассам.
Байроғимиздаги ҳар бир ранг ва рамз ўз маъносига эга. Мовий, оқ ва яшил тасмалар, уларни ажратиб турувчи қизил чизиқлар, ярим ой ҳамда ўн икки юлдуз халқимизнинг тарихи, қадриятлари ва эзгу интилишларини ифода этади.

Мовий ранг мусаффо осмон ва обиҳаёт тимсоли. У эзгулик, донишмандлик, ҳалоллик ва садоқат каби тушунчалар билан боғлиқ. Спорт нуқтаи назаридан қараганда, бу рангни юксак мақсадлар ва чексиз имкониятларга қиёслаш мумкин. Зеро, ҳар бир спортчининг орзуси — юксак марраларни забт этиб, Ватан номини дунёга танитиш.
Оқ ранг тинчлик, поклик ва эзгу ниятни англатади. Бу маъно спортдаги ҳалол рақобат, рақибга ҳурмат ва адолат тамойиллари билан ҳамоҳанг. Яшил ранг — табиатнинг янгиланиши, ёшлик ва умид рамзи. Уни спортимизда камол топаётган янги авлод, иқтидорли ёшлар ва келажак чемпионлари билан боғлаш мумкин. Қизил чизиқлар ҳаётбахш куч ва тириклик тимсолидир. Спортда бу маъно шижоат, жасорат ва қатъият билан уйғунлашади. Беллашувнинг ҳал қилувчи сонияларида спортчини олға бошлайдиган куч ҳам мустаҳкам ирода ва мақсадга садоқат.
Албатта, бу рамзларнинг расмий маъноси эмас, балки уларга спорт нуқтаи назаридан берилган талқин.
Спортчининг шоҳсупага кўтарилиши томошабин учун бир неча дақиқалик ҳаяжонли манзара. Аммо ана шу лаҳзага етиб келиш учун йиллар керак бўлади. Эрта тонгдаги машғулотлар, такрор-такрор бажарилган машқлар, мағлубиятлардан чиқарилган хулосалар ва янада кучли бўлишга интилиш — чемпионлик йўлининг ажралмас қисми.
Бугун мамлакатимизда спортни ривожлантириш, ёшларни жисмоний тарбия ва оммавий спортга жалб этиш, иқтидорли спортчиларни саралаш ҳамда уларнинг маҳоратини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Замонавий спорт иншоотлари, «Олимпия шаҳарчаси», ихтисослаштирилган мактаблар ва тайёргарлик марказлари спортчиларимиз учун янги имкониятлар яратмоқда.
Бу ишлардан кўзланган мақсад фақат бугунги чемпионларни тайёрлаш эмас. Энг муҳими, ёшлар иқтидорини эрта аниқлаш, уларни қўллаб-қувватлаш ва келажакдаги ғалабалар учун мустаҳкам замин яратиш.

Ана шу саъй-ҳаракатлар самарасини спортчиларимизнинг 2026 йилда халқаро майдонларда эришаётган натижаларида ҳам кўриш мумкин. Бу йил ўзбек спорти бир қатор тарихий ғалабалар билан ёдда қолмоқда.
Хусусан, Японияда ўтказилган XX ёзги Осиё ўйинлари йилнинг энг йирик спорт воқеаларидан бири бўлди. Қитъанинг 45 давлатидан қарийб 11 минг нафар спортчи иштирок этган мусобақада Ўзбекистон делегацияси 21 та олтин, 25 та кумуш ва 24 та бронза медаль билан умумжамоа ҳисобида бешинчи ўринни эгаллади. Ҳамюртларимиз 19 та спорт турида олтин медалларга сазовор бўлди.
Параспортчиларимиз эришган натижа эса алоҳида эътирофга лойиқ. Японияда ўтказилган V Параосиё ўйинларида Ўзбекистон делегацияси 45 та олтин, 49 та кумуш ва 51 та бронза — жами 145 та медаль билан умумжамоа ҳисобида учинчи ўринни эгаллади. Бу мамлакатимиз параспорти тарихидаги энг яхши натижа бўлди. Илк бор делегациямиз қитъанинг кучли учлигидан жой олди. Ушбу ютуқ спортчиларимизнинг матонати ва иродасини намоён этиш билан бирга, параспортни ривожлантириш борасидаги ишлар самарасини ҳам кўрсатди.

Самарқандда ўтказилган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида эркаклар терма жамоамизнинг чемпион бўлиши ҳам йилнинг қувончли воқеаларидан бирига айланди. Жамоамиз ҳал қилувчи баҳсларда муносиб ўйин кўрсатиб, мусобақа ғолиблигини қўлга киритди. Бу натижа ўзбек шахматининг жаҳон миқёсидаги мавқеини яна бир бор намоён этди.
Паравелоспорт бўйича жаҳон чемпионатида ҳам Маржона Пардабоева ва Покиза Аҳмадбекова юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди. Ҳамюртларимиз мусобақада учта олтин ва битта кумуш медалга сазовор бўлди. Маржона икки бор шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилган бўлса, Покиза битта олтин ва битта кумуш медални қўлга киритди. Бу натижа ўзбек паравелоспорти тарихида жаҳон чемпионатларида қайд этилган энг яхши кўрсаткич бўлди.
— Халқаро майдонда Ўзбекистон номидан иштирок этишнинг ўзи катта масъулият. Ғалабадан кейин байроғимиз юксалишини кўриш барча меҳнатларингиз зое кетмаганини ҳис қилдиради. Айниқса, Ватан байроғи кўкларга кўтарилиб, мадҳиямиз янграганда кўзда қувонч ёшлари қалқийди. Бу туйғу янада катта марралар сари ундайди, — деди Маржона Пардабоева.

Оғир атлетика бўйича Хитойнинг Нинбо шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида ҳамюртимиз Акбар Жўраев тўртинчи бор жаҳон чемпиони унвонига сазовор бўлди. 110 килограммгача бўлган вазн тоифасида баҳс олиб борган спортчимиз даст кўтариш машқида 198 килограмм, иккикурашда эса 432 килограмм натижа қайд этиб, бирйўла иккита жаҳон рекордини янгилади.
— Шоҳсупага кўтарилиб, Ўзбекистон байроғини кўрган лаҳзамни сўз билан ифодалаш қийин. Бу пайтда кўз олдимдан қанча меҳнат, машғулотлар, қийин кунлар ва яқинларимнинг қўллаб-қувватлаши ўтади. Байроғимиз кўтарилиб, мадҳиямиз янграганда ўзимни бутун халқимиз олдида тургандай ҳис қиламан. Бу нафақат менинг, балки менга ишонган барча инсонларнинг ғалабаси, — деди Акбар Жўраев.
Албатта, жорий йилдаги ютуқлар бу билан чекланмайди. Энг муҳими, бу муваффақиятлар ёш авлод учун ибрат мактабидир. Бугунги чемпионларнинг ютуқлари эртанги авлодни спорт билан шуғулланиш, меҳнат қилиш ва юксак мақсадлар сари интилишга руҳлантиради.

Бугун Ўзбекистон байроғи дунёнинг турли мамлакатларидаги спорт ареналарида баланд кўтарилмоқда. Унинг ҳар бир юксалиши ортида спортчининг шахсий ютуғи, мураббийлар меҳнати, ота-оналар ишончи ва юртимизда яратилаётган имкониятлар мужассам. Шу боис халқаро майдонлардаги ғалабаларни фақат медаллар сони билан баҳолаб бўлмайди. Бу натижалар мамлакатимизнинг спорт салоҳияти, халқаро нуфузи ва келажак авлодга бўлган ишончининг ҳам ифодаси.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА