Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!
18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун
Давлатимиз рамзлари кучли тарбия воситаси сифатида ёшларимизнинг миллий ғурурини юксалтириш, уларни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда.
Ана шундай рамзлардан бири давлат байроғидир. Доимо ўзбек халқининг шон-шарафи ва ғуруридек юксакларда ҳилпираб турган байроғимиз 1991 йил 18 ноябрда "Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида"ги қонун қабул қилинган кундан бошлаб давлат суверенитетининг рамзига айланди.
Ўттиз тўрт йилдирки, давлат байроғимиз Ўзбекистон делегацияларининг хорижий мамлакатларга сафарлари чоғида, давлатимизнинг чет эллардаги элчихоналари ва халқаро ташкилотлардаги ваколатхоналари, халқаро конференциялар, жаҳон кўргазмалари, спорт мусобақалари, юртимиздаги барча расмий идораларда озод ва обод Ватанимиз тимсоли сифатида баланд ҳилпирамоқда.
Айниқса, спортчиларимиз Олимпия ва Осиё ўйинларида, қитъа ҳамда жаҳон чемпионатларида мамлакат шарафини муносиб ҳимоя қилиб, байроғимизни баланд кўтармоқда.
Бугун юртимиз фахри ва ифтихорлари бўлган спортчи ва мураббийларимиз юрт байроғини кўтарганда қалбидан қандай туйғулар кечиши ҳақида фикр билдирди.

Акбар Жўраев, оғир атлетика бўйича уч карра жаҳон чемпиони:
– Ҳар сафар нуфузли мусобақаларда давлатимиз байроғи кўтарилиб, мадҳиямиз янграганида Ўзбекистон фарзанди эканимиздан дилимизда чексиз фахр туямиз. Давлатимиз байроғини доимо баланд тутиш бизнинг ҳам спортчи, ҳам Ватан ҳимоячиси сифатидаги муқаддас бурчимиз. Бу туйғу бизга улкан ғайрат-шижоат бағишлайди, янгидан-янги ғалабалар сари руҳлантиради. Мана қарийб 5 йилдирки, ғалабаларим туфайли юрт байроғини Осиё чемпионатида икки, дунё биринчилигида уч, Олимпия ўйинларида бир ва яқиндагина VI Ислом бирдамлиги ўйинларида қаторасига уч маротаба юксакларга кўтаришга муяссар бўлди.

Зайнаб Дайибекова, Осиё ўйинлари совриндори:
– Байроқ куч-қудрат, жасорат, ғалаба тимсолидир. Шу боис, давлатимиз байроғи биз, спортчилар учун муқаддас, уни доимо баланд тутиш учун курашамиз. Халқаро майдондаги ғалабаларимиз эвазига Ватанимиз байроғи кўтарилиб, давлатимиз мадҳияси янграганида қалбимиз фахр-ифтихорга тўлади, кўзимизда қувонч ёшлари қалқийди. Кўплаб, спортчилар каби мен ҳам нуфузли мусобақаларда делегациямиз байроқдори бўлишни орзу қилар эдим. Бу орзум 2023 йил Хитойда ўтган Осиё ўйинларида ушалди. Ўшанда мен тажрибали дзюдочимиз Музаффар Тўрабоев билан бирга байроғимизни баланд кўтарган ҳолда стадион узра айланган эдик. Навбатдаги орзум, Олимпия ўйинларининг олтин медалини мамлакатимизга олиб келиш.
Баҳодир Жалолов, бокс бўйича икки карра Олимпия ўйинлари, жаҳон ва Осиё чемпиони:
– Ҳар бир спортчи халқаро майдонларда ўз Ватани байроғини баланд кўтаришни орзу қилади. Ҳар доим халқаро спорт мусобақаларига отланганимизда давлатимиз байроғини ёнимизда олиб кетамиз, мусобақада ғалаба қозониб, миллий байроғимиз кўтарилганда қалбимиз чексиз ғурур ва ифтихорга тўлади. Халқаро мусобақаларда ғалабамиз шарафига Ватанимиз байроғи кўтарилганда, қалбимизни чулғаб оладиган чексиз ифтихорни сўз билан ифодалаб бўлмайди, бундай ҳаяжонли лаҳзалар бизни янада улкан зафарлар сари чорлайди. Умид қиламанки, профессионал боксда ҳам жаҳон чемпионига айланган ҳолда байроғимизни янада баландроқ парвоз эттираман.

Шарифа Давронова, енгил атлетика бўйича Осиё ўйинлари ғолиби:
– Турли ёш тоифаларида жаҳон ва қитъа биринчиликларида, Ислом бирдамлиги ўйинлари ва Осиё ўйинларида ғалабам шарафига Ватанимиз байроғи кўтарилганда шундай юртда туғилиб, вояга етаётганимдан ғурурланиб кетаман. Халқаро майдонлардаги ғалабаларимиз мамлакатимизда ёшларнинг спорт билан шуғулланиши, иқтидорини намоён этиши учун яратилаётган кенг имкониятлар туфайли. Келгусида ҳам жаҳон ва қитъа чемпионатлари Олимпия ва Осиё ўйинларида ҳам юртимиз байроғини янада кўкларга кўтараман.

Тўлқин Қиличев, бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийси:
– Ҳар бир спортчи жаҳон чемпиони бўлишни, Олимпия ўйинларида юрт байроғи остида шоҳсупага кўтарилишни орзу қилади. Ўзим етишмаган орзулар рўёбини шогирдларим ғалабалари тимсолида кўрмоқдаман. Албатта, бугунга қадар Баҳодир Жалолов, Абдумалик Халаков, Асадхўжа Мўйдинхўжаев, Муроджон Аҳмадалиев, Ҳасанбой Дўсматов, Шаҳрам Ғиёсов каби шогирдларим турли мусобақаларда бир неча бор мамлакатимиз байроғини кўкларга кўтарди. Айни кунларда уларнинг ғалабали йўлини давом эттира оладиган янги авлод камолга етмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида спортни ривожлантиришга, иқтидорли ёш спортчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган улкан эътибор туфайли Ўзбекистон ўғил-қизлари ҳеч кимдан кам эмаслигини, ҳар қандай соҳада энг юқори чўққиларни забт этишга қодир эканини амалда исботламоқда.
Ҳа, бугун спортчиларимиз юрт ифтихори, фахримиз бўлган байроғимизни баланд кўтармоқда. Бу ғалабалар бардавом бўлсин, байроғимиз кўкларда доим мағрур ҳилпирайверсин!
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА