Давлат байроғи — миллий ғурур ва бирлик тимсоли
Ҳар бир халқнинг миллий ўзлигини, тарихи, орзу-интилишлари ва келажакка ишончини ифода этувчи муқаддас тимсоллари бўлади. Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи ҳам ана шундай юксак қадриятлардан бири, миллий ғурур, мустақиллик ва Ватанга садоқат рамзидир.
18 ноябрь — Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун. Бу сана халқимизнинг мустақил давлат сифатида ўз тақдирини ўзи белгилаш йўлидаги тарихий қадамларини, миллий ўзликни англаш ва озодлик ғояларини ёдга солади.
1991 йил 18 ноябрда «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимиз мустақиллигининг муҳим ҳуқуқий асосларидан бири бўлди. Давлат байроғи суверенитетимизнинг рамзи сифатида халқимизнинг тарихи, миллий қадриятлари, бугунги салоҳияти ва келажакка интилишларини ўзида мужассам этади.
Байроғимиздаги ҳар бир ранг ва белги чуқур рамзий маънога эга. Мовий ранг мусаффо осмон, осойишталик ва ҳаётбахш сув тимсоли бўлса, оқ ранг поклик, беғуборлик ва эзгу ниятларни англатади. Яшил ранг табиатнинг уйғониши, янгиланиш ва яшариш рамзидир.
Байроқдаги қизил чизиқлар ҳаётий куч ва тирикликнинг узлуксизлигини ифодалайди. Ярим ой халқимизнинг тарихий анъаналари ва миллий қадриятларини, ўн икки юлдуз эса қадимий анъаналар, мукаммаллик ҳамда йилнинг ўн икки ойини рамзий ифода этади.

Бироқ Давлат байроғининг аҳамияти унинг ранглари ва рамзий белгиларидан ҳам кенгроқдир. У миллионлаб юртдошларимизни ягона Ватан, умумий мақсад ва муштарак келажак атрофида бирлаштиради.
Мустақиллик туфайли халқимиз ўз давлат рамзларига эга бўлди, миллий қадриятларини тиклади ва халқаро майдонда ўз ўрнини мустаҳкамлаш имкониятини қўлга киритди. Бугун Ўзбекистон байроғи халқаро минбарларда, дипломатик учрашувлар ва нуфузли анжуманларда ҳилпирар экан, унда бутун халқимизнинг шаъни, ғурури ва салоҳияти намоён бўлади.
Айниқса, халқаро спорт мусобақаларида спортчиларимиз ғалаба қозониб, Ватан байроғини баланд кўтарган лаҳзалар ҳар бир юртдошимиз қалбида фахр ва ифтихор туйғуларини уйғотади. Бу ғалабалар ортида йиллар давомидаги машаққатли меҳнат, изланиш, ирода ва юрт шаънини муносиб ҳимоя қилиш масъулияти мужассам.
Байроққа ҳурмат фақат тантанали маросимлар ёки халқаро мусобақаларда намоён бўлмаслиги керак. Бу эҳтиром, аввало, кундалик ҳаётимизда, фуқаролик позициямизда ва Ватан олдидаги бурчимизни қай даражада адо этаётганимизда акс этиши лозим. Зеро, давлат рамзларига ҳурмат — Ватанга ҳурмат. Бу туйғу юрт равнақи учун масъулиятни ҳис этиш, қонунларга риоя қилиш, ҳалол меҳнат қилиш, жамият манфаатларини қадрлаш ва тинчликни асрашдан бошланади.
Давлат байроғига бўлган ҳурмат, менимча, фақат расмий тадбирлар ёки байрам кунларида эмас, балки ҳар бир хонадонда, ҳар бир инсоннинг кундалик ҳаётида ҳам намоён бўлиши керак. Шу эзгу туйғу билан яқинда ўз хонадоним ҳовлисига ҳам Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини ўрнатдим. Энди ҳовлимда ҳилпираб турган байроғимизга ҳар гал кўзим тушганда, қалбимда Ватанга муҳаббат, миллий ғурур ва дахлдорлик ҳисси янада жўш уради. Бу мустақил юртимга бўлган ҳурматим ва садоқатимнинг кичик бир ифодаси. Зеро, Ватанга муҳаббат катта минбарларда айтилган баландпарвоз сўзлардагина эмас, балки ҳар биримизнинг кундалик амалимизда ҳам акс этиши лозим.
Бугун глобаллашув жараёнлари жадаллашаётган, турли ғоявий ва маънавий таъсирлар кучаяётган бир шароитда миллий ўзликни, тарихий хотира ва қадриятларни асраш янада муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу борада давлат рамзлари, айниқса, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда алоҳида ўрин тутади.
Ёшларимиз байроғимизга назар ташлар экан, унинг рангларида халқимизнинг бой тарихи, миллий қадриятлари ва келажакка бўлган ишончини кўра билиши зарур. Шу билан бирга, улар мустақил мамлакат фуқароси сифатида ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини чуқур англаши, юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшаши муҳим.
Ватанпарварлик фақат Ватан ҳақида гўзал сўзларни айтиш билан чекланмайди. У ўз касбини сидқидилдан бажариш, билим олиш, қонун устуворлигини ҳурмат қилиш, жамоат мулкини асраш, атроф-муҳитга масъулият билан муносабатда бўлиш ва жамият ҳаётида фаол иштирок этишда намоён бўлади.
Фуқаролик жамиятини ривожлантиришда ҳам ҳар бир инсоннинг фаоллиги муҳим. Юрт тараққиёти давлат идоралари ёки айрим ташаббускорларнинг саъй-ҳаракатлари билангина эмас, балки ҳар бир фуқаронинг ўз вазифасига масъулият билан ёндашиши ва умумий манфаатлар йўлида бирлашиши орқали таъминланади.
Шу маънода, Давлат байроғи бизга нафақат фахрланиш, балки ана шу фахрга муносиб яшаш масъулиятини ҳам эслатади. Унинг шаънини улуғлаш мамлакатимиз обрўсини юксалтириш, халқ ишончини оқлаш ва мустақиллик қадрига етиш демак.
Давлат байроғи миллати, тили, касби ва дунёқарашидан қатъи назар, Ўзбекистонни ўз Ватани деб билган барча инсонларни бирлаштирувчи умумий қадрият. Унинг остида биз ягона халқ, ягона юрт ва муштарак келажак эгалари эканимизни янада теран англаймиз.
Бугун мамлакатимиз олдида улкан мақсад ва вазифалар турибди. Иқтисодий ва ижтимоий тараққиётни жадаллаштириш, инсон қадрини улуғлаш, илм-фан, таълим ва маданиятни ривожлантириш, халқ фаровонлигини таъминлаш шулар жумласидандир. Бу мақсадларга эришишда халқимизнинг бирдамлиги, бунёдкорлик салоҳияти ва Ватан равнақи йўлидаги масъулияти муҳим аҳамиятга эга.
18 ноябрь — Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун ҳар биримиз учун миллий ғурур, Ватанга садоқат ва фуқаролик масъулиятини яна бир бор чуқур англаш имконидир. Байроғимизнинг баланд ҳилпираши, аввало, унинг остида яшаётган инсонларнинг Ватанга муҳаббати, меҳнати ва садоқати билан чамбарчас боғлиқ.
Байроғимиз доимо баланд бўлсин! Унда халқимизнинг озодлиги, юртимизнинг тинчлиги, миллий ғуруримиз ва ёруғ келажакка бўлган ишончи ҳамиша мужассам бўлиб турсин!
Отабек Жиянбаев,
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати
ЎзА