"OYAK" раҳбари Ўзбекистонга инвестиция киритишнинг учта сабабини айтди
Мамлакатимизда инвестиция муҳитини янада яхшилаш, хорижий сармоядорларга қулай шароитлар яратиш, хусусан, махсус иқтисодий зоналарда кенг имтиёз ва преференциялар тақдим этиш борасидаги ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда.
Бу эса хорижий инвесторларнинг Ўзбекистонга бўлган қизиқишини ошириб, янги ҳамкорлик алоқалари ва истиқболли лойиҳалар учун кенг имкониятлар яратмоқда.
– Биз бундан буён ҳам мамлакатимизда инвестиция муҳитини яхшилаш, тадбиркорлар учун ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ислоҳотларни изчил давом эттирамиз, – дея таъкидлади давлатимиз раҳбари 19 ноябрь куни Ўзбекистон – Туркия бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича юқори даражадаги кенгашнинг биринчи йиғилишида.
Мазкур ислоҳотлар ва яратилаётган шароитлар хорижий компанияларнинг юртимизга бўлган ишончини мустаҳкамламоқда. Буни Ўзбекистонда ўз фаолиятини кенгайтириш, янги лойиҳаларга сармоя киритишга интилаётган туркиялик ишбилармонлар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
– Биз Туркиянинг йирик саноат гуруҳларидан бири сифатида Ўзбекистондаги биродарларимиз билан ҳамкорликни янада ривожлантиришни истаймиз, – деди Туркиянинг “OYAK” компанияси ижрочи директори Мурат Ялчинташ. – Ўзбекистонни сармоя киритиш учун жозибадор қилаётган учта асосий омил мавжуд.
Аввало, мамлакатдаги барқарорлик ва ишончли муҳит. Ўзбекистон Марказий Осиёдаги етакчи ва жадал ривожланаётган давлатлардан бири сифатида алоҳида ўринга эга. Бу ердаги сиёсий ҳамда иқтисодий барқарорлик инвесторлар учун ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Иккинчиси, Ўзбекистоннинг қулай географик жойлашуви. Биз мамлакатни нафақат ички бозор, балки бутун Марказий Осиё минтақасига чиқиш учун стратегик марказ сифатида кўрамиз. Ўзбекистон орқали минтақавий бозорларга кириш, янги ишбилармонлик алоқаларини йўлга қўйиш ва савдо кўламини кенгайтириш мумкин.
Учинчиси эса биз учун беқиёс қадрга эга бўлган тарихий ва маънавий яқинликдир. Аждодларимиз шу замин билан боғлиқ. Шу боис Ўзбекистонга келганимизда ўзимизни бегона юртда эмас, балки тарихий илдизларимиз туташган масканда ҳис қиламиз. Бу ҳамкорлигимизга ўзгача руҳ ва теран мазмун бағишлайди.
Шу сабабли Ўзбекистондаги фаолиятимизни кенгайтириш, янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш ва маҳаллий ҳамкорлар билан биргаликда ишлашдан манфаатдормиз.
Айни пайтда Бухоро ва Тошкент шаҳарларида йирик лойиҳалар устида иш олиб бормоқдамиз. Жумладан, завод қурилиши ҳамда кимё саноати йўналишларида қатор истиқболли ташаббусларимиз бор.
Видеоси қуйида:
Абдулазиз РУСТАМОВ,
Ёқубжон МЕЛИБОЕВ (сурат),
ЎзА