| Y | D | S | CH | P | J | SH |
|---|---|---|---|---|---|---|
| 1 | 2 | 3 | 4 | 5 | 6 | 7 |
| 8 | 9 | 10 | 11 | 12 | 13 | 14 |
| 15 | 16 | 17 | 18 | 19 | 20 | 21 |
| 22 | 23 | 24 | 25 | 26 | 27 | 28 |
| 29 | 30 | 1 | 2 | 3 | 4 | 5 |
Олий таълимда гибрид шакли намойиш қилинди

Сўнгги йилларда мамлакатимизда олий таълимни ривожлантириш, таълим фаолиятига илғор педагогик технологияларни жорий этиш, кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, таълим, илм-фан ва ишлаб чиқаришни интеграция қилишнинг таъсирчан механизмларини яратишга йўналтирилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, таълим хизматларининг замонавий ривожланиш тенденцияси тармоққа хорижий мамлакатларнинг етакчи таълим муассасалари илғор тажрибасини янада кенгроқ жорий қилиш, улар билан яқин шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, таълим соҳасига чет эл инвестициясини жалб этиш учун қулай шарт-шароит яратишни тақозо этмоқда. Тошкентда АҚШнинг Вебстер университетини ташкил этиш лойиҳаси ҳам айни талаблар асосида амалга оширилди.
18 февраль куни мазкур таълим даргоҳида бўлиб ўтган тақдимотда университетда янада инклюзив, қайишқоқ ва шаффоф тарзда таълим бериш имкониятлари намойиш қилинди. Тадбир олий ўқув юртининг видеоконференцалоқа воситалари билан тўлиқ жиҳозланган маъруза хоналаридан бирида ташкил этилди.
Намойиш давомида талабаларнинг бир қисми ўқув хонасида ўқитувчи ёнида жойлашди, қолганлар эса “Zoom” дастури орқали дарсга қўшилди.
Дарс жараёнида тақдимотни барча бирдек кузатиб борди, ўқитувчилар билан талабалар муайян вақтда савол-жавоб уюштирди. Сўнгра талабалар гибрид ўқув хоналарида ўтилган дарсдан олган таассуротлари билан ўртоқлашди.
Таълим олишнинг гибрид форматида, талабалар фақат лекцияда иштирок этишдан ташқари, дарс ҳақида ёзиб олинган видеони қайта кўриш имконига эга бўлади. Шунингдек, улар шу пайтнинг ўзида гуруҳ топшириғи билан ҳам шуғулланади ёки берилган мавзуни гуруҳдагилар ёрдамида муҳокама ҳам этади.
Гарчи, Ўзбекистонда масофавий таълим ривожига айнан пандемия кучли туртки берган бўлса-да, жаҳоннинг айрим университетлари шунга ўхшаш технологияни анча аввал қўллай бошлагани маълум. Хусусан, Вебстер университети ҳам онлайн тартибда таълим бериш ҳамда мавжуд курсларни электрон тарзда бошқариш (World Classroom) тажрибасига эга. Тошкентдаги Вебстер университети ҳам карантиннинг биринчи куниданоқ дарс соатини камайтирмасдан, барча талабалар учун ўқишни масофавий шаклга ўтказди. Тажриба шуни кўрсатмоқдаки, таълим беришнинг гибрид формати талабаларга қаерда бўлишидан қатъий назар халқаро даражада таълим олиш имконини беради. Зеро, бунда таълим олиш сифати ҳам, ўқитувчи ва гуруҳдошлар билан биргаликда ҳаракат қилиш имконияти ҳам сақланиб қолади.
Дарс намойишидан кейин университет раҳбарияти томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ташкил этилди. Брифингда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
Маълумот учун: Вебстер университети 1915 йилда нодавлат олий таълим маскани сифатида ташкил этилган бўлиб, бош қароргоҳи АҚШнинг Миссури штатидаги Сент-Луис шаҳрида жойлашган. Ҳозирги кунда университет 9 мамлакатнинг 62 шаҳрида фаолият олиб бормоқда.
Жами талабалар сони 1200 нафарни ташкил этадиган Вебстер Тошкент университети мазкур олий таълим муассасасининг АҚШдан ташқаридаги энг йирик филиалидир.
Бугунги кунда бу ерда бизнесни бошқариш, иқтисодиёт, медиа коммуникация, халқаро алоқалар ва ахборот тизимларини бошқариш йўналишлар бўйича мутахассислар тайёрланмоқда.
Саидмурод РАҲИМОВ, ЎзА
Муаллиф: uza




