Юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган олималар
Кейинги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг илм-фан билан шуғулланишлари, илмий-тадқиқот ва изланишлар олиб бориши учун кенг имкониятлар, зарур шарт-шароитлар яратиб берилди. Натижада олималар томонидан олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари, амалга оширилаётган инновацион лойиҳалар, илмий ишланмалар сони, сифати ва самарадорлиги мазмунан янги босқичга кўтарилди. Буни Ўзбекистон хотин-қизларининг “Олима” уюшмаси Андижон вилояти бўлими фаолияти мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Аёлларнинг ижодий ва илмий фаолиятини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган Ўзбекистон Республикаси хотин-қизлари “Олима” уюшмаси нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида республиканинг етакчи олималари, фаол ва ташаббускор хотин-қизларини бирлаштирди. Уюшмага 1992 йилда асос солинган бўлиб, унга миллати, диний эътиқоди, сиёсий қарашлари, ёшидан қатъи назар, илмий даража ва унвонга эга, фаннинг муайян соҳаларида самарали фаолият олиб бораётган хотин-қизлар аъзо бўлиши мумкин.
“Олима” уюшмаси Андижон вилояти бўлими томонидан вилоятдаги олий таълим муассасалари, илмий марказлар ҳамда бошқа ташкилот ва муассасаларда фаолият олиб бораётган олималар фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, уюшма олима хотин-қизлар фаолиятини янада ривожлантириш, хусусан, таянч докторантлар, докторантлар ва мустақил тадқиқотчилар, магистрларнинг илмий-назарий билимларини кенгайтириш ҳамда уларнинг ижтимоий-сиёсий жараёнларда фаоллигини ошириш, ташаббускорлигини қўллаб-қувватлаш, илмий ишлари бўйича таҳлиллар ўтказиш, қобилиятли, иқтидорли, ижодкор аёллар билан ишлаш, уларнинг турли танловларда иштирок этишини таъминлаш, олима аёлларнинг илғор иш тажрибаларини ўрганиш, умумлаштириш, амалиётга татбиқ этиш ва оммалаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда.

– Айни кунда вилоятдаги олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказларда 650 нафарга яқин олима фаолият юритмоқда, – дейди “Олима” уюшмаси вилоят бўлими раиси, биология фанлари доктори, профессор Насибахон Норалиева. – Уларнинг 155 нафари фан доктори, қолганлари турли йўналишлар бўйича фан номзоди, фалсафа докторлари соҳибаларидир.
Уюшма аъзоси бўлган Тўхтахон Муҳитдинова, Шахноза Юсупова, Моҳигул Жўраева, Манзура Юнусова, Дилдора Абдуллаева, Лолахон Саидбоева, Салима Мирзаева, Шоҳида Шаҳобиддинова, Шоҳида Юсупова, Дилоро Набиева, Хабиба Жўрабекова, Гулистон Оразимбетова, Зилола Жалолова, Холисхон Мақсудова, Гулнора Бозорова сингари фан докторларининг тилшунослик, тиббиёт, педагогика, қишлоқ хўжалиги, техника, иқтисодиёт йўналишларидаги илмий, амалий тадқиқот ва инновацион ишланмалари, қўлланма ва дарсликлари мамлакатимиз илм-фани ривожида салмоқли ўрин тутади.

Биргина 2025 йилда вилоятда 86 нафар олима турли йўналиш ва мавзулардаги докторлик диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилиб, 13 нафари фан доктори (DSc), 73 нафари фалсафа доктори (PhD) илмий даража ҳамда унвонига сазовор бўлди. Жорий йилнинг ўтган даврида эса илмий даража олган олималар сони 100 нафардан ортди.
Масалан, Андижон давлат университетида фаолият олиб бораётган Зулфияхон Ҳусанова менежмент ихтисослиги бўйича “Аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришнинг ташкилий-иқтисодий механизмини такомиллаштиришнинг методологик асослари” мавзусидаги диссертация ишини муваффақиятли ҳимоя қилиб, иқтисодиёт фанлари доктори (DSc) илмий даражасини олди.
– Ўтган йили “Техник таълим жараёнида талабаларнинг коммуникатив компетентлигини методик такомиллаштириш технологиялари” мавзусидаги илмий ишни муваффақиятли ҳимоя қилиб, педагогика фанлари доктори (DSc) илмий даражасини олдим, – дейди Андижон давлат педагогика институти профессори Хабибахон Жўрабекова. – Мазкур илмий ишда замонавий муҳандислик ва техника соҳаларида мутахассисларнинг касбий-техник билимлари, жамоада ишлаш, техник ҳужжатларни саводли юритиш ва уларнинг касбий мулоқотгача киришиши масалалари атрофлича таҳлил қилинган. Мавзу доирасида зарур хулосалар қилинган, таклиф ва тавсиялар берилган.

Андижон давлат чет тиллари институти хорижий тиллар кафедраси ўқитувчиси Рўзихон Ахророва тил назарияси, амалий ва компьютер лингвистикаси ихтисослиги бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олгани олима аёлларнинг хорижий тиллар йўналишидаги салоҳияти юксалиб бораётганлигининг намунасидир.
Кейинги икки йил давомида нодавлат олий ўқув юртлари, таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган хотин-қизлар ҳам илмий жараёнларда анча фаоллашди. Кўплаб опа-сингилларимиз турли йўналишлардаги илмий ишларини муваффақиятли ҳимоя қилиб, илмий даражалар олишга муваффақ бўлди.
– Мен яқинда қиёсий ва чоғлаштирма тилшунослик ихтисослиги бўйича рус ва ўзбек адабиётида ирониянинг лингвокогнитив ва лингвокултрологик хусусиятларини ўрганиш мавзусидаги илмий ишни муваффақиятли ҳимоя қилдим, – дейди Қўқон нодавлат университети Андижон филиали ўзбек ва рус филологияси кафедраси ўқитувчиси Феруза Холбўтаева. – Қўқон нодавлат университети ҳузуридаги илмий кенгаш қарори билан филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олдим. Ушбу муваффақиятни энг аввало, ўқиб, изланишларим, қолаверса, юртимизда илм-фан билан шуғулланаётган, илмий ишлар олиб бораётган аёлларга кўрсатилаётган эътибор, яратиб берилаётган кенг имкониятларнинг самараси деб биламан.

Бугунги кунда, айниқса, ёш олималарнинг билим олиши, илмий салоҳиятини юксалтириши, жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшиши учун кенг имкониятлар эшиги очиб берилаётганлигини алоҳида эътироф этиш ўринли. Шу маънода “Олима” уюшмаси вилоят бўлими томонидан иқтидорли қизлар, ёш олималар билан ишлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, ёш олималарнинг ўз илмий-интеллектуал салоҳиятларини намоён этиши, уларнинг илмий изланиш ва ютуқларини кенг тарғиб этиш бўйича зарур ишлар олиб борилмоқда.
Яратиб берилаётган кенг имкониятлардан самарали фойдаланиб, юқори натижаларга эришаётган ёш олималар вилоятда талайгина. Улардан бири Андижон давлат педагогика институти Таълим ва тарбия назарияси ва методикаси мутахассислиги докторанти, ўзбек тили ва адабиёти кафедраси катта ўқитувчиси ва доцент вазифасини бажарувчи Камола Одилжоновадир.
Камола Одилжонова жорий йилда “Ўқувчиларнинг лексик компетенцияларини ривожлантиришда вербал воситалардан фойдаланишнинг илмий-методик асосларини такомиллаштириш” мавзусидаги диссертация ишини муваффақиятли ҳимоя қилиб, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиб, мамлакатимиздаги ёш фан докторлари қаторидан ўрин олди.

Умуман, вилоятдаги олий ўқув юртларида иқтидорли талабалар, магистрлар, ёш олималарни қўллаб-қувватлаш, уларга амалий ёрдамлар кўрсатиш мақсадида “Устоз-шогирд” анъанаси асосида ёш олималар тажрибали олималарга бириктирилган. Устоз-шогирд анъанаси ёш олималарнинг салоҳиятини юзага чиқаришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бундан ташқари, вилоятдаги ҳар бир давлат, нодавлат олий таълим муассасаларида “Олима” уюшмасининг бўлинмалари ташкил этилиб, уларга масъул раҳбарлар тайинланган. “Олима” уюшмаси вилоят бўлими томонидан олиб борилаётган ибратли ишлар, уюшмага аъзо бўлган олималарнинг ҳаётий, илмий-ижодий ва ижтимоий фаолияти юртимиз илм-фани, тараққиётига муносиб ҳисса бўлиб қўшилмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири