Талабалар турар жойи фойдаланишга топширилди
Олий таълим муассасаларида талабалар учун муносиб яшаш шароитларини яратиш, уларнинг турар жойга бўлган эҳтиёжини қондириш таълим сифатини ошириш билан бир қаторда, ёшларнинг ижтимоий қўллаб-қувватланишида ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу борада Гулистон давлат университетида яна бир амалий қадам ташланди. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 34 йиллиги арафасида университет ҳудудида 480 ўринли янги талабалар турар жойи фойдаланишга топширилди.
Очилиш маросимида университет ректори, техника фанлари доктори, профессор Муҳсин Ҳожиев, Сирдарё вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Отабек Мавлонбердиев, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар, жамоатчилик вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
Тадбирни университет ректори Муҳсин Ҳожиев очиб, бугунги кунда талабаларнинг яшаш шароитларини яхшилаш, уларни замонавий турар жойлар билан таъминлаш олий таълим муассасалари олдида турган муҳим вазифалардан бири эканини қайд этди.
— Бугун университетимиз жамоаси учун қувончли кун. Таълим масканимиз ҳудудида яна бир замонавий талабалар турар жойи фойдаланишга топширилмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан талабаларнинг турар жойга бўлган эҳтиёжини қондириш, уларни ижара хонадонларини излаб сарсон бўлишдан халос этиш вазифаси белгиланган. Ана шу мақсадда давлат-хусусий шериклик асосида самарқандлик қурувчилар томонидан янги бино барпо этилди. Бу ерда ёшларнинг яшаши, дам олиши, овқатланиши ва мустақил таълим олиши учун барча шароитлар яратилган. Спорт зали, машғулотлар ва дарс тайёрлаш хоналари ҳам мавжуд. Келгусида лойиҳани янада кенгайтириб, қўшимча бинолар қуриш ва замонавий, яхлит кампус ташкил этиш ниятидамиз. Насиб этса, бу ташаббусимиз республика олий таълим муассасалари учун ҳам ўзига хос намуна бўлади, — деди ректор.
Вилоят ҳокими ўринбосари Отабек Мавлонбердиев ҳам сўзга чиқиб, университет жамоаси ва талабаларни янги турар жойнинг фойдаланишга топширилгани билан табриклади. Ушбу лойиҳа ёшлар учун қулайлик яратиш, уларнинг таълим олиши ва камол топишига кўмаклашиш йўлидаги муҳим ташаббуслардан бири эканини таъкидлади.
[gallery-32760]
Маросим давомида иштирокчилар бинонинг ички тузилиши, ётоқхоналар ва талабалар учун яратилган имкониятлар билан яқиндан танишди. Кенг ва ёруғ хоналар, замонавий мебеллар, маънавият ва кутубхона хоналари, ошхона ҳамда маиший эҳтиёжлар учун мўлжалланган жойлар эътиборни тортди. Шунингдек, спорт билан шуғулланиш, мустақил таълим олиш ва бўш вақтни мазмунли ўтказиш учун ҳам зарур шароитлар назарда тутилган.
— Талабалар турар жойининг ҳар бир қаватида иккитадан кутубхона, ошхона ва ювиниш хоналари ташкил этилган. Замонавий иситиш ва совитиш тизимлари ўрнатилган. Бу йилнинг барча фаслларида талабалар учун қулай ҳароратни таъминлайди.
Энг муҳими, энди ёшларимиз ижара уйларини излаб, сарсон бўлмайди. Улар университет ҳудудида, тенгдошлари билан бирга яшаш, таълим олиш ва бўш вақтларини мазмунли ўтказиш имконига эга. Турар жой учун белгиланган тўловнинг 50 фоизи давлат томонидан қоплаб берилиши ҳам талабалар учун муҳим енгилликдир, — дейди Гулистон давлат университетининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Дилмурод Эшмуродов.
Янги маскандаги қулайликлар талабаларнинг ҳам хурсандлигига сабаб бўлмоқда. Айниқса, маънавият хонасида жамланган китоблар, мустақил мутолаа ва билимни бойитиш учун яратилган муҳит ёшлар эътиборини тортмоқда.
— Бугун янги талабалар турар жойи билан танишар эканман, маънавият хонасидаги китобларни кўриб жуда қувондим. Бу ерда сараланган, мазмунан бой асарлар жамланган. Ўзим тўртинчи курс талабаси бўлсам-да, яратилган шароитларни кўриб, университетни тарк этгим келмай қолди. Биз ёшларга бундай имкониятлар яратилаётгани учун давлатимиз раҳбарига ва талабаларни доимо қўллаб-қувватлаб келаётган университетимиз ректорига миннатдорлик билдираман. Келгусида университетимиз ривожига ҳисса қўшиш, унинг номини дунёга танитиш йўлида ҳаракат қиламан, — деди университетнинг фаол талабаларидан Собиржон Ҳабибуллоев.
Талабалар турар жойини барпо этган “CAREFUL BUILDERS” МЧЖ бу йўналишда муайян тажриба тўплаган. Компания аввал Самарқанд давлат педагогика институти ва Самарқанд давлат университетида ҳам шундай объектлар қурилишида иштирок этган.
— Гулистон давлат университетидаги мазкур лойиҳа компаниямиз учун тўртинчи йирик объект ҳисобланади. Умумий қиймати 32 миллиард сўм бўлган лойиҳанинг 70 фоизи ўз маблағларимиз, 30 фоизи эса давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилди. Айни пайтда Навоий вилоятида ҳам янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича режаларимиз бор. Мақсадимиз — талабалар учун муносиб шароит яратиш. Улар мамнун бўлса, биз ҳам мамнунмиз, — дейди “CAREFUL BUILDERS” МЧЖ раҳбари Хайруллахон Ҳакимов.
Энг муҳими, янги турар жойнинг фойдаланишга топширилиши университет инфратузилмасини янада бойитиб, талабалар учун қулай яшаш ва таълим олиш шароитларини яратади.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА мухбирлари