Олмалиқ кон-металлургия комбинатида амалга оширилаётган “Ёшлик-1” конини ўзлаштириш лойиҳаси доирасида кон ва унинг техника мажмуасини ташқи электр энергияси билан таъминлаш мақсадида яна бир замонавий рақамлаштирилган технологик подстанция барпо этилмоқда.
Мутахассисларга кўра, ушбу подстанция 110/35/6 кВ кучланишга эга бўлиб, бу ерга электр энергияси “Қорақиясой” ва “Адолат” подстанцияларидан ҳаво линиялар орқали узатилади. Подстанцияда 2 та қуввати 63 МВА бўлган замонавий трансформаторлар ўрнатилган бўлиб, улар ёрдамида 110 кВ электр энергияси 35,6 кВ кучланишга пасайтирилиб, “Ёшлик-1” конидаги кон-техника мажмуасини узлуксиз ва сифатли электр энергияси билан таъминлаб беради.
Бундан ташқари, подстанцияга қуёш фото электр станцияси ҳам ўрнатилган бўлиб, қуввати 30 кВт бўлган қуёш панеллари мазкур объектнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондиради ва электр тежамкорлигини таъминлайди. Шунингдек, ушбу объектга хорижий ишлаб чиқарувчилар ҳамда электр энергетикасининг йирик гигантларининг 6,35 ва 110 кВли ўчиргичлари, ток ва кучланишли трансформаторлари ўрнатилди.
Подстанция автоматика ва реле ҳимояли блоклари, аварияга қарши автоматика, автоматлаштирилган масофавий бошқарув тизими, маълумотларни йиғиш ва узатиш диспетчерлик бошқарув тизими билан жиҳозланди.
Подстанциянинг барча металл конструкциялари ва бетон буюмлари маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқарилган. Мазкур объектда бугунги кунда пудрат ташкилоти томонидан қурилиш-монтаж ишлари қизғин паллада. Ускуналарни синовдан ўтказиш ва ишга тушириш ишлари давом эттирилмоқда.
ОКМК Ахборот хизмати
ЎзА