Самарадорлик ва экологик барқарорлик сари
Бугун саноат корхоналари олдида турган муҳим вазифалардан бири ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш билан бирга, атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтиришдир. Бу эса замонавий технологияларни жорий этиш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва экологик хавфсизлик талабларига риоя қилишни тақозо этади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, саноат корхоналарида “яшил технологиялар”ни кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2026 йилги Давлат дастурида ҳам экологик барқарорликни мустаҳкамлаш устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланган. Шу мақсадда ишлаб чиқариш жараёнларида зарарли ташламаларни камайтириш, атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар тарқалишининг олдини олиш ва замонавий тозалаш ускуналарини ўрнатиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

Бу борада Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг Рух заводида ҳам изчил модернизация жараёнлари олиб борилмоқда. Президентимизнинг 3954-сонли қарори асосида 2018 йилдан буён завод цехлари босқичма-босқич реконструкция қилиниб, ишлаб чиқариш жараёнлари замонавий технологиялар асосида янгиланмоқда.
Навбатдаги янгиланиш ишлари корхонанинг муҳим технологик бўғинларидан бири – рух кеклари ва импорт қилинган оксидли саноат маҳсулотларини қабул қилиш ҳамда қайта ишлашга ихтисослашган Велслаш цехида амалга оширилмоқда. 1972 йилда фойдаланишга топширилган, 57 минг 804 квадрат метр майдонни эгаллаган мазкур цех мураккаб технологик жараёнларни қамраб олган йирик ишлаб чиқариш мажмуасидир. Унда фильтрлаш-қуритиш, кек омбори ва шихта тайёрлаш, печлар, шунингдек, оксидни ушлаб қолиш ва куйдириш бўлимлари фаолият юритади.

Жорий йилнинг февраль ойида цехда кенг кўламли янгилаш ишларига киришилди. Ярим асрдан ортиқ вақт давомида хизмат қилган, жисмонан ва маънан эскирган URFM русумли газ тозалаш ускуналари замонавий қурилмаларга алмаштирилмоқда. Айни пайтда “Олмалиқметаллургқурилиш” трести мутахассислари томонидан эски ускуналарни демонтаж қилиш ишлари тўлиқ якунланган. Ихтисослаштирилган таъмирлаш ишлари бошқармаси жамоаси эса уларнинг ўрнига тўлиқ автоматлаштирилган янги фильтрларни ўрнатиш ва монтаж қилиш ишларини якунлаш арафасида.
Мазкур технологик янгиланиш бир қатор муҳим натижаларга эришиш имконини беради. Аввало, ишлаб чиқариш самарадорлиги ортиб, технологик жараёнларнинг барқарор ва узлуксиз ишлаши таъминланади. Шунингдек, қўл меҳнати камайиб, ишчи-хизматчилар учун қулай ва хавфсиз меҳнат шароити яратилади. Энг муҳими, цехга ўрнатилаётган янги авлод енгли фильтрлари чанг ва газларни 99,5 фоизгача ушлаб қолиш имкониятига эга. Бу эса атмосферага зарарли моддалар чиқишини сезиларли даражада камайтириш билан бирга, ҳавога тарқалиб кетиши мумкин бўлган қимматли хомашёни ушлаб қолиш ва уни қайта ишлаб чиқариш жараёнига йўналтириш имконини ҳам беради.

Айни пайтда Велслаш цехи жамоаси олдида ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, маҳсулот таннархини пасайтириш ва ресурслардан оқилона фойдаланиш каби муҳим вазифалар турибди. Шу мақсадда технологик жараёнларни такомиллаштириш, энергия тежамкор ускуналарни жорий этиш ҳамда ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ишлари изчил давом эттирилади.
А.Мусаев,ЎзА