Рақамли кон: ОКМК конларининг 3D моделлари яратилмоқда
Бугунги кунда Олмалиқ кон металлургия комбинатида кончилик соҳасига замонавий рақамли технологияларни кенг жорий этиш, ишлаб чиқариш жараёнларини рақамлаштириш ва конларнинг аниқ электрон моделларини яратиш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда.
Айни кунларда жамият ОКМК Маркшейдерлик бўлими мутахассислари томонидан «Ковулди» ҳамда Ангрен кон бошқармаларига қарашли конларда замонавий геодезик технологиялар асосида маркшейдерлик ишлари амалга оширилмоқда.

Хусусан, конларнинг уч ўлчамли (3D) рақамли моделларини яратиш мақсадида мазкур кон бошқармалари шахталарида замонавий Scanner P50 лазер сканери ёрдамида сканерлаш ишлари бажарилди.
Ушбу технология орқали кон ҳудудлари, ер ости кон лаҳмлари ва мавжуд иншоотлар ҳақида юқори аниқликдаги фазовий маълумотлар олинди. Тўпланган маълумотларни махсус дастурлар ёрдамида қайта ишлаш ва таҳлил қилиш натижасида шахталарнинг уч ўлчамли рақамли моделлари шакллантирилди.

Яратилган 3D моделлар конларнинг ҳозирги ҳолатини виртуал тарзда кўриш ва баҳолаш, кон лаҳимларининг аниқ геометрик ўлчамларини белгилаш, маркшейдерлик назоратини самарали ташкил этиш ҳамда кон ишларини пухта режалаштириш имконини беради.

Шу билан бирга, Ангрен кон бошқармасига қарашли Чумовул конида ҳам замонавий технологиялар асосида ишлар давом этмоқда. Айни пайтда бу ерда учувчисиз учиш аппарати — дрон ёрдамида аэросуратга олиш ишлари олиб борилмоқда.

Жараён давомида кон ҳудудининг юқори аниқликдаги аэросуратлари олиниб, улар махсус дастурий таъминотлар орқали қайта ишланади. Натижада ҳудуднинг ортофотоплани, рельефнинг рақамли модели ва топографик планини яратиш кўзда тутилган.

Мазкур ишлар кон ҳудудининг жорий топографик ҳолатини аниқлаш, ер юзаси рельефини батафсил ўрганиш, кон ишларини лойиҳалаштириш ва маркшейдерлик таъминоти сифатини янада оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Энг муҳими, замонавий лазер сканерлари ва дрон технологияларининг қўлланилиши кончилик соҳасида аниқлик, тезкорлик ва самарадорликни оширишга хизмат қилади. Бу эса ОКМКда рақамли кончиликни ривожлантириш йўлидаги муҳим қадамлардан биридир.
ЎзА