Кўлмак сой бўлмас, ўғри бой бўлмас, деб доно халқимиз бежизга айтмаган. Ушбу мақолни мағзини чаққанида, тоғни урса талқон қиладиган 20-21 ёшли йигитлар бундай эгри ишга қўл урмаган бўларди.
Зомин туманидаги “Халқобод” маҳалла фуқаролари йиғини ҳудудидаги омборхонадан ўтган 2022 йилнинг декабрь ойи охирги кунлари ва жорий 2023 йилнинг январь ойи ўрталарига қадар сутни қайта ишлаш ускуналарининг жами 85 миллион сўмлик эҳтиёт қисмлари кунма-кун ўғирлаб келинган. Ички ишлар органлари ходимлари томонидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида ушбу қонун бузарлик фош этилди.
Туман ИИБ ходимларининг берган маълумотига кўра, бир маҳаллада яшовчи 3 нафар 2002 йилда туғилган тенгдош Қ.А., Э.Х. ҳамда О.Б.лар ўзаро тил бириктирган ҳолда мазкур ўғирликни келишган ҳолда содир этади. Ўғирланган молларни эса ўзлари яшайдиган “Халқаобод” маҳалласида О.Б.нинг уйи ертўласига яшириб қўяди.
Ўғри ўғирлаб йўлга тушар, охир бориб қўлга тушар, деганлари шудирда, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан ўтказилган тадбир натижасида ўғирланган буюмлар айнан О.Б.нинг ертўласидан топилиб, ҳужжатлаштириб олинди ва ўғрилар қилган ишини тан олди.
Ушбу қонун бузарлик юзасидан тегишли тартибда жиноят иши қўзғатилиб, терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА