Баъзи кафе ва тамаддихоналарнинг кенгайиши пиёдалар йўлини торайтирмаслиги керак
Йўл-йўлакай...
Шаҳар кўчалари, бинолар бўйлаб борадиган йўлаклар ажойиб. Йўл-йўлакай замонавий кафе ва ресторанлар, чиройли соябонлар, гуллар билан безатилган айвонларга кўзингиз тушади.
Бир қарашда буларнинг барчаси кўркам ва файзли. Бироқ бу манзаранинг иккинчи томони ҳам бор. Аслида пиёдалар учун ажратилган йўлаклар одамларнинг эркин ва хавфсиз ҳаракатланишига хизмат қилиши лозим. Аммо баъзи жойларда бу ҳудудлар кафеларнинг қўшимча майдонига айланиб, оддий йўловчиларни серқатнов автомобиллар йўлига чиқиб юришга мажбур қилаётгани ҳам бор гап.
Шаҳар кўркам бўлиши, тадбиркорлик ривожланиши керак. Лекин шаҳарнинг замонавий қиёфаси фақат чиройли пешлавҳалар ва шинам овқатланиш масканлари билан ўлчанмайди. Энг муҳим мезон инсон қадри ва қулайлигидир.
Хўш, пиёдалар йўлагида очиқ айвонлар ташкил этишда бизнес манфаати ва оддий одамларнинг ҳақ-ҳуқуқи ўртасидаги чегара қаерда бўлиши керак?
Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Гулноза Қосимованинг сўзларига кўра, ҳозирда пойтахтда жамоат жойларини режалаштириш ва тижорат объектларини безаш бўйича “Дизайн коди” босқичма-босқич жорий этиляпти.
– Тадбиркорнинг ҳам ҳолатини тушуниш керак, кўчага очилган айвон қўшимча даромад ва мижоз дегани, – дейди Гулноза Қосимова. – Айниқса, иссиқ кунларда бу жуда муҳим. Лекин бу имконият жамоат ҳудудини ўзлаштириб олиш дегани эмас. Тадбиркор учун яратилган қулайлик бошқаларнинг йўлини тўсиш ҳисобига бўлмаслиги шарт. Кафедаги мижоз ҳам, кўчадан ўтиб кетаётган пиёда ҳам шаҳарда тенг ҳуқуққа эга.
Амалдаги тартибга кўра, тадбиркорлар бинога туташ ҳудуддан ижара асосида фойдаланиши мумкин. Бу жараён Солиқ қўмитасининг электрон тизими орқали беш кунда ҳал бўлади. Лекин асосий талаб битта, йўлакдан фойдаланиш пиёдалар ҳаракатига халақит бермаслиги шарт! Қоидага кўра, пиёдалар йўлагининг кенглиги камида 2–2,4 метр бўлиши керак. Бу масофа ногиронлиги бўлган шахслар, кексалар ва болалар аравачаси етаклаган оналар бемалол ўтиши учун ўта муҳимдир.
Афсуски, ҳаётда бу қоидага доим ҳам амал қилинавермайди. Ўзбошимчалик билан эгалланган йўлаклар имконияти чекланганлар ва кексалар учун ҳақиқий тўсиққа айланмоқда. Тадбиркор ижара шартномаси борлигини рўкач қилиши мумкин, бироқ ҳеч қандай ҳужжат пиёдалар ҳуқуқини поймол қилишга асос бўлолмайди.
Тадбиркор Жасур Каримов ҳам бу масалада аниқлик бўлиши тарафдори.
– Бизга ҳам қулайлик керак, – дейди у. – Очиқ айвонлар қўшимча даромад келтиради, қонунчиликда бунга рухсат ҳам бор. Лекин битта кўчадаги бешта кафе тротуарни бўлишиб олса, пиёда қаердан юради? Шунинг учун тадбиркорга ҳам аниқ қоида ва чегаралар керак. Қанча жой бизнесга, қанчаси пиёдага қолиши олдиндан аниқ бўлса, ортиқча низолар келиб чиқмайди.
Биз пиёдалар фикрига ҳам қулоқ тутдик. Уларнинг талаби оддий ва ҳақли. Улар ўз шаҳрида, ўз йўлагида ҳеч қандай тўсиқларсиз, хавфсиз юришни исташади.
Замонавий шаҳарнинг энг катта бойлиги бу бинолар эмас, одамлар саналади. Майли, кўчаларимиз обод бўлсин, тадбиркорлар бойисин, кафеларнинг кўркам айвонлари кўзни қувнатсин.
Аммо буларнинг ҳеч бири пиёданинг йўлини торайтириш ёки ёш болали онани серқатнов йўлга чиқиб юришга мажбур қилиш эвазига бўлмаслиги керак.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА мухбири