Келажак мутахассислари бугундан шаклланмоқда (+видео)
Бугун бир гуруҳ ургутлик мактаб ўқувчилари “Келажакка бугундан қадам” лойиҳаси доирасида Навоий вилоятида бўлдилар.
Ургут туманидаги Абдусаид Кўчимов кутубхонаси ҳамда “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу лойиҳа ёшларни комбинат ҳамда Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети фаолияти билан яқиндан таништириш, ёшларда кончилик ва металлургия соҳаларига бўлган қизиқишни янада ошириш, уларни ушбу йўналишларда билим олиш ва касб эгаллашга рағбатлантирди.

Бугунги кунда комбинат тизимида 51 минг киши меҳнат қилмоқда. Уларнинг 12 минг нафарини ёки 22 фоизини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Айни пайтда замонавий гидрометаллургия заводлари, кон-шахталар, цех ва участкаларни илм ва касб чўққиларини пухта эгаллаган ёшлар бошқармоқда.
Дастлаб ўқувчилар Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида бўлиб, таълим жараёнлари, замонавий ўқув лабораториялари ва уларда олиб борилаётган ишлар, иқтидорли талабаларнинг ихтиро ва стартап лойиҳалари кўргазмаси билан танишдилар.

Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети юртимизда кончилик соҳаси учун малакали мутахассислар етказиб бераётган етакчи олийгоҳлардан биридир. Ҳозирда университетда 10 минг 798 нафар талабага 441 нафар педагог таълим беради. Илмий салоҳият эса 57,4 фоизни ташкил этмоқда. Айни пайтда олийгоҳда 6 та факультетда 27 та бакалавриат ва 23 та йўналишда магистратура йўналиши мавжуд.
– Навоий шаҳрида бўлаётган саёҳатимиз биринчи куни ва бунда биз жуда ҳам катта таассуротлар олдик. Сабаби, ўқувчи-ёшларнинг аксарият қисми бу ерга касб танлаш ва келажакдаги қадамларини қандай қўйиш борасидаги масалалар билан келди, – дейди 37-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Эргаш Ҳамроев. – Биринчи чорак якуни, яъни таътилга чиқишнинг бошланиш даври жуда ҳам мазмунли бошланди, дейишимиз мумкин. Маҳалламизда жойлашган 3-сонли касб-ҳунар мактабининг саноат йўналиши, айнан электрлаштириш ҳамда автоматлаштириш йўналиши ўқувчиларини ҳам олиб келганмиз. Улар биринчи куннинг ўзида: “Устоз, бу ерда биз ҳам ишлаймиз ва келажакда касбимизни қурамиз”, деган ажойиб тилакларни, мақсадларни айтишди. Ҳозирги кунда ўқувчиларимизнинг ўндан ортиғи тегишли миллий сертификатларга эга ва университетга киришда ҳисобга олинишини эшитиб жуда ҳам хурсанд бўлишди. Бу учрашув биз - устозларга ҳам тажриба бўляпти. Чунки яқин орада уларга билим беришда нимага эътибор қаратиш кераклигини ўзимиз учун режа қиламиз. Ҳозирда ёшларнинг келажакда касб танлаш билан боғлиқ жараёнларда озгина қийналаётгандик ва бу айни муддао бўлди, деб ҳисоблайман. Сабаби, ўқувчи-ёшлар шу соҳа бўйича жуда ҳам кўп савол берганда, мен етарлича билимим йўқлиги учун жавоб бера олмасдим. Бугун эса университет декан ва ўқитувчилари ўқувчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар беришди.

Университетнинг мажлислар залида “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ Бошқарув раиси – Бош директори, Ўзбекистон Қаҳрамони, сенатор Қувондиқ Саноқулов ҳамда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори, сенатор Абдусаид Кўчимов иштирокида “Сенаторлар ва ёшлар” учрашуви ўтказилди.
Тадбирда навоийлик ёшлар билан бирга Ургут туманидан келган тўртта умумтаълим мактаби юқори синф ўқувчилари ва уларнинг устозлари қатнашди.
Бугун юртимизнинг барча ҳудудларида, жумладан, Самарқанд вилоятининг Ургут туманида ҳам кўплаб ер ости ва ер усти бойликлари мавжуд. Келгусида уларни қазиб олиш ҳамда қайта ишлаш корхоналари ишга туширилади. Уларда фаолият юритиш учун эса юзлаб, минглаб мутахассислар керак. Ва, албатта, уларда бугун вояга етаётган ёшлар ишлашади. Бунинг учун эса ёшларни ҳозирдан касбга қизиқтириш ва ўргатиш лозим.

Учрашувда сенаторлар ёшларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши, ташаббус ва ғояларини амалиётга татбиқ этиши учун яратилаётган имкониятлар ҳақида сўз юритдилар.
Таъкидланганидек, бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда инсон, унинг қадр-қиммати, билим ва салоҳиятини рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, ёш авлоднинг замонавий билимларни эгаллаши, рақобатбардош касб-ҳунарларни ўзлаштириши, жамият ва давлат тараққиётида фаол иштирок этиши учун шарт-шароит яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.

Албатта, Навоий кон-металлургия комбинати каби йирик саноат корхоналарининг ривожланиши ҳам янги авлод мутахассисларига бўлган талабни оширади. Саноат тармоқларида рақамлаштириш, автоматлаштириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик талабларни таъминлаш жараёнлари тобора кенгаймоқда. Бу эса барча йўналишлардаги мутахассислардан доимий равишда билим ва малакани ошириб боришни талаб этади.

Учрашувда ёшлар томонидан илгари сурилган ташаббуслар қўллаб-қувватланиб, уларни амалга ошириш механизмлари белгилаб олинди. Университет ва мактаблар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, ёш мутахассисларнинг касбий салоҳиятини оширишга қаратилган ҳамкорликни кенгайтириш таклифи билдирилиб, ўқувчиларнинг қўшимча билим олиши учун олий ўқув юрти профессор-ўқитувчилари яқиндан кўмак беришга тайёр эканликларини билдиришди.

Тадбир сўнггида Абдусаид Кўчимов кутубхонаси, 37-умумтаълим мактаби ҳамда Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ўртасида устоз-шогирд анъаналарини ривожлантиришга қаратилган уч томонлама меморандум имзоланди.
Тадбирда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори, таниқли адиб, шоир, журналист, сенатор Абдусаид Кўчимовга Навоий давлат университетининг “Фахрий профессори” унвони берилди.
Мазкур фахрий унвон унинг мамлакатимиз журналистикаси ва ахборот соҳаси ривожига қўшган муносиб ҳиссаси, кўп йиллик самарали фаолияти ҳамда ёш авлод маънавиятини юксалтириш йўлидаги хизматларига юксак эҳтиром рамзи сифатида тақдим этилди.

Ўқувчилар “Фарҳод” маданият саройида жойлашган “НКМК тарихи” музейига саёҳат қилиб, мамлакатимиз кончилик саноатининг шаклланиш тарихи, тараққиёт босқичлари ва бугунги ютуқлари ҳақида қизиқарли маълумотларга эга бўлдилар.
Саёҳатнинг иккинчи куни Навоийга ташриф буюрган ургутлик ўқувчилар Навоий машинасозлик заводида бўлиб, корхонадаги иш жараёнлари ва ишлаб чиқариш қувватларини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар.
Бугунги кунда корхонада 3,5 минг нафардан ортиқ муҳандис-технологлар, металлурглар, механиклар, конструкторлар ва бошқа касб эгалари фидокорона меҳнат қилмоқда.

Заводда комбинат гидрометаллургия заводлари учун замонавий шарли тегирмонлар, гидроциклон ва конвеер қурилмалари, насослар, қуйилтиргичлар, ностандарт ускуналар, металлконструкциялар ва бошқа турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 2025 йилда 103 та лойиҳа бўйича 1,1 триллион сўмдан ортиқ маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарилган бўлса, 2026 йилда эса 123 та лойиҳа бўйича 1,8 триллион сўмдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган.
– Куни кеча Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетидаги таълим жараёнлари, лабораторияларни бориб кўрдик, – дейди мактаб ўқувчиси Тоҳиржон Носиров. – Бугун эса йирик саноат корхоналаридан бири бўлган Навоий машинасозлик заводида бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнларини бевосита кузатдик. Ишчилар билан суҳбатда бўлдик. Марказда талаба ака ва опаларимиз билан учрашдик. Айрим тенгдошларимиз жараёнларни кўриб, келгусида комбинат бўлинмаларида ишлашни режалаштирганликларини айтишмоқда. Мен ҳам келгусида Навоийда таҳсил олиб, ушбу корхонада ишламоқчиман.


Заводдаги Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети билан ҳамкорликда ташкил этилган Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва инновацион ривожлантириш маркази ўқувчиларда катта таассурот қолдирди. Бу ерда 2024 йилда университет кафедраси ташкил этилган бўлиб, талабалар назарий билимларини амалиёт билан уйғунлаштирган ҳолда олиб боришади.
– Ўқувчиларимиз Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетидаги таълим жараёнлари, у ерда олиб бориладиган илмий-тадқиқот ишлари, талабаларнинг яшаш шароитлари билан танишдилар, – дейди университет ректори Бахтиёр Мардонов. – Шу билан бирга, сенаторлар Қувондиқ Саноқулов ҳамда Абдусаид Кўчимов иштирокида “Сенаторлар ва ёшлар” учрашуви бўлди. Бундан мақсад – ёшларнинг кончилик-металлургия соҳасига қизиқишларини ошириш, уларнинг келгусида мана шу йўналишда таълим олишлари учун бошланғич тушунчалар бериш эди. Бу соҳа бугунги кунда энг ривожланаётган соҳалардан бири бўлиб, иқтисодиётимизнинг драйверларидан бири ҳисобланади. Улар талабаларнинг олий таълим муассасасида олган назарий билимларини бугун қандай қилиб амалиётда жорий этаётганликларини, уни мустаҳкамлаётганликларини ўз кўзлари билан кўрдилар. Бу биринчи навбатда, ўқувчиларда таълим йўналишларига бўлган қизиқиш, иккинчи навбатда, ишлаб чиқариш корхоналарида бўладиган жараёнларни кўриб, уларнинг ўзларида янада руҳлантириш пайдо бўлади. Мана ҳозир юртимизда иқтисодий ривожланиш кетаётган бир вақтда, Ургут ҳудудида ҳам мана шу кон-металлургия йўналишидаги ишлар, лойиҳа ишлари амалга оширилмоқда. Улар келажакда шу ҳудудда ишлаб чиқаришни ривожлантиришга асосий ҳисса қўшадиган келажак ёш авлоди ҳисобланади. Бизнинг мақсадимиз – мана шу ёшларни келажакда Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида талабалар сифатида кўриш ва келгусида ўша ҳудуд учун етук кадрлар тайёрлаш. Келажакда тумандаги 37-мактабда университет профессор-ўқитувчилари ҳамкорлигида ўқув жараёнларини ташкил этамиз. Уларни олиб келиб академик лицей ва муҳандислик мактабларидаги ўқув жараёнларига жалб этамиз ва ўша ердаги ўқийдиган ўқувчилар билан биргаликда ўқув жараёнларида булар ҳам бирга иштирок этишади.


Лойиҳа доирасида заводнинг маданият ва спорт мажмуасида “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ҳам ташкил этилди. Унда завод фаолиятига оид видеоролик намойиш қилиниб, корхона ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди.
Албатта, Навоий машинасозлик заводида амалга оширилаётган ишлар корхонанинг ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш билан бирга, Навоий вилояти ва мамлакат саноати учун зарур бўлган машинасозлик маҳсулотларини ўзлаштириш, янги иш ўринлари яратиш ва ишлаб чиқариш кооперациясини янада ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратмоқда.

“Келажакка бугундан қадам” лойиҳаси доирасида ташкил этилган мазкур саёҳат ургутлик ўқувчилар учун нафақат янги билим ва таассуротлар манбаи, балки келажак касбини танлаш йўлида муҳим тажриба мактаби бўлди. Улар кончилик, металлургия ва машинасозлик соҳаларидаги замонавий ишлаб чиқариш жараёнлари, илм-фан ва амалиёт уйғунлиги, ёшлар учун яратилаётган имкониятлар билан яқиндан танишдилар.
Энг муҳими, бу каби ташаббуслар ёшларнинг касбий қизиқишларини эрта шакллантириш, уларни илм олишга, изланишга ва янгилик яратишга ундайди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари