Ҳар йили 30 июль Бутунжаҳон одам савдосига қарши кураш куни сифатида нишонланади. «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази томонидан одам савдоси соҳасидаги асосий тенденция ва муаммоларни аниқлаш мақсадида аҳоли ўртасида сўров ўтказилди. Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида истиқомат қилаётган ўзбекистонлик эркаклар ва хотин-қизлар, ёшлар, ўрта ва катта ёшдагилар, турли соҳаларда банд бўлган фуқаролар иштирок этишди.
Ўтказилган сўров натижалари шуни тасдиқлайдики, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси доирасида қабул қилинаётган ва амалга оширилаётган чора-тадбирлар одам савдосига қарши курашиш ва унинг салбий оқибатларини бартараф этиш соҳасидаги вазиятга ижобий таъсир кўрсатмоқда. Мамлакатда ушбу жиноят турининг тарқалишини қисқартириш имконини бериб, одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва уларнинг ҳуқуқларини нафақат мамлакатда, балки унинг ташқарисида ҳам ҳимоя қилишга ёрдам бермоқда. Шунингдек, жамиятда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар ва улардан жабрланган фуқароларга нисбатан шаклланган стереотип қарашларни енгиб ўтишга ўз таъсирини кўрсатмоқда.
Ўтказилган тадқиқ шуни кўрсатдики, жамоатчилик онгида одам савдоси турли кўринишларга эга бўлиб, шахснинг қадр-қимматига бевосита дахл қиладиган, ҳақиқатан ҳам инсонни савдодаги оддий товар даражасида таҳқирлайдиган, шахсга қарши шафқатсизлик билан қилинган жиноят эканлигини англаш устуворлик қилади.
Одам савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг энг кўп тарқалган турлари – одамларни бевосита сотиш ва сотиб олиш, қуллик, эрксизлик ва қарамлик, эркаклар ва аёлларнинг меҳнат эксплуатацияси, одамларни уларнинг аъзоларидан фойдаланиш мақсадида сотиш, болаларни сотиш ва сотиб олиш ҳисобланади.
Одам савдосидан жабрланганлар сонини одам савдоси муаммосидан ва меҳнат миграциясига отланаётган фуқаролар дучор бўлиши мумкин бўлган хавф-хатарлардан аҳолини огоҳ қилиш йўли билан сезиларли даражада камайтириш мумкин.
Олинган маълумотларга кўра, 62,8 фоиз фуқаролар жиноятнинг ушбу туридан хабардордир, сўровнинг ҳар бешинчи иштирокчиси ҳуқуқбузарликнинг ушбу тури ҳақида “у-бу нарса эшитганини” билдирди. Шуниси хавотирлики, 16,9 фоиз респондентлар ушбу муаммо тўғрисида, ноқонуний миграция жараёнида қулликка тушиб қолиш хавфи ва одамфурушлар фаолиятининг усуллари ҳақида тасаввурга ҳам эга эмас.
Кўпчилик фуқаролар одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар тўғрисидаги маълумотлардан, ушбу жиноятга қарши курашиш, одам савдосидан жабрланганлар ва замонавий қулликнинг турлари ва шакллари ҳақида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг кўрсатувлари орқалигина огоҳ бўладилар.
Сўров натижалари Интернет одам савдоси масалаларини ёритишда, унинг кўлами ва характерини аҳоли томонидан тушунилишида, ушбу жиноят турига қарши курашишда давлат ва ҳуқуқ-тартибот органлари саъй-ҳаракатларининг жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланишини фаоллаштиришда улкан салоҳиятга эга эканлигини тасдиқлайди. Сўралганларнинг 42,8 фоизи фикрича, одам савдоси муаммоси ва у билан боғлиқ жиноятлар тўғрисидаги ахборотларнинг асосий манбаси интернет-сайтлар ҳисобланади, ҳар тўртинчи респондент одам савдосининг турли кўринишлари ҳақидаги ахборотларни телеграмм-каналлар орқали олишини қайд этади.
Сўровда шу нарса аниқландики, маҳаллий оммавий ахборот воситалари жамоатчиликни одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар ҳақида хабардор қилишда мавжуд салоҳиятларини тўлиқ амалга оширмаяптилар.
Сўров натижалари шуни аниқлашга имкон бердики, одам савдоси билан боғлиқ жиноятчиликнинг пайдо бўлишига шарт-шароит яратадиган омиллар ва сабаблар турли-туман бўлиб, кўпинча жамият ҳаётининг ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-ахлоқий соҳаларидаги жиҳатлар билан боғлиқ бир бутун комплекс муаммоларнинг натижалари ҳисобланади. Ҳуқуқий маданият даражасининг етарли эмаслиги, ишга жойлашиш билан боғлиқ қийинчиликлар, моддий муаммолар, хорижда ишга қонуний жойлашиш имкониятлари тўғрисида фуқароларнинг етарлича хабардор эмаслиги ва тегишли рухсатномасиз ёки расмий шартномасиз бошқа давлатга ишга кетиш билан боғлиқ хавф-хатарлар тўғрисидаги ахборотнинг мавжуд эмаслигини фуқаролар одамфурушлар тўрига тушиб қолишнинг асосий сабаблари, деб билишади.
Фуқаролардан олинган жавобларнинг таҳлили жамоатчилик фикрида одам савдосидан жабрланган кишининг қиёфаси ҳар доим ҳам мавжуд воқеликка мос келмаслиги ва унинг соддалаштирилган ҳамда юзакилигини кўрсатди. Шундай қилиб, респондентлар одам савдосидан кўпинча содда ва ишонувчан, ўзганинг таъсирига тез берилувчан ва вазиятни танқидий баҳолашга қодир бўлмаган 18-25 ёшлардаги йигит-қизлар жабрланишади, деб ҳисоблайдилар.
Айни вақтда, тадқиқот натижалари кўрсатганидек, сўров иштирокчилари ҳақиқатан ҳам одам савдосидан нафақат ёшлар, балки ўрта ёш вакиллари, болалар ва ҳатто ёш гўдаклар ҳам жабр кўришлари мумкинлигини таъкидлашди. Ёллаш билан кўпинча танишлар, қўшнилар ёки қариндошлар ҳам шуғулланишади. Бу ерда гап жабрланганларнинг соддадиллиги ва беғамлиги ҳақида эмас, балки жиноятчилар томонидан кўпроқ ушбу инсонларнинг ишончини суиистеъмол қилиш ҳақида кетаяпти. Одам савдоси билан боғлиқ вазиятга тушиб қолиш учун фуқароларнинг маълумоти етарли эмаслиги, мутахассислиги бўлмаслиги шарт эмас, ёлловчилар чангалига ишидан айрилган ва оғир моддий аҳволга тушиб қолган фуқаролар ҳам тушиши мумкин.
Тадқиқот натижалари кўрсатганидек, фуқаролар турли ташкилотларнинг одам савдосига қарши курашиш бўйича олиб бораётган ишлари самарадорлиги ва натижадорлиги даражасини умуман ижобий баҳолайдилар.
Тадқиқот давомида аҳоли томонидан одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги энг таъсирчан чора-тадбирлар айтиб ўтилди. Фуқароларнинг фикрига кўра, одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар учун жиноий жавобгарлик чораларининг қатъийлаштирилиши жазонинг муқаррарлигини таъминловчи омил ҳисобланади. Лекин, сўров иштирокчилари таъкидлаганидек, одам савдосига қарши курашишни фақат айбдорларни аниқлаш ва уларни жазолашга тенглаштириш мумкин эмас.
Сўров иштирокчиларининг фикрига асосан, мамлакат минтақаларида янги иш жойларини яратиш ва қонуний меҳнат миграциясини ташкил этиш, шунингдек, пул ишлаш учун бошқа мамлакатларга чиқиб кетаётган фуқароларни тегишли органлар томонидан қатъий назорат қилинишини амалга ошириш одамларнинг жиноятчилар тўрига тушиб қолиш хавфини камайтиради.
Сўров натижаларининг таҳлили сўнгги йилларда халқаро муаммога айланган одам савдоси жамоатчилик фикрида ижтимоий-гуманитар жиҳатдан замонамизнинг энг хавфли ва оғир даъватларидан бири ҳисобланади, деган тасаввур устуворлик қилишини тасдиқлайди. Уни фақат алоҳида олинган давлат, ҳуқуқ-тартибот органлари ёки бунинг учун яратилган махсус тизимнинг саъй-ҳаракатлари билан енгиб бўлмайди. Одам савдосига қарши курашиш давлат ва жамиятнинг, ҳар бир фуқаронинг иши бўлиб қолиши керак. Одам савдосига қарши курашиш қонунчилик базасининг такомиллаштирилиши, ҳуқуқ-тартибот органлари ишининг фаоллаштирилиши, ўзаро ҳамжиҳатлик ва халқаро ҳамкорлик даражасининг оширилиши, одам савдоси жиноий индустриясига, шунингдек, камбағалликка қарши курашиш, ишга жойлаштириш масалаларининг ҳал этилиши ҳамда иш ўринларининг кўпайтирилиши, ҳуқуқий саводхонлик тўғрисида аҳолининг хабардорлик даражасини ошириш, одам савдосига нисбатан жамиятда шаклланган стереотип қарашларни енгиб ўтиш каби жиҳатларни қамраб оладиган комплекс ёндашувни талаб этади.
«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик
фикрини ўрганиш Маркази.
ЎзА