Рақамли одил судлов: халқаро стандартлар, ахборот хавфсизлиги ва инсон ҳуқуқлари
Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академиясида “Рақамли одил судлов: халқаро стандартлар, ахборот хавфсизлиги ва инсон ҳуқуқлари” мавзусидаги халқаро ўқув курсининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Президентимизнинг 2025 йил 21 августдаги “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида суд тизими учун юқори малакали ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлашни халқаро стандартлар асосида янада такомиллаштириш кўзда тутилгани қайд этилди. Шунингдек, миллий ва хорижий давлатлар билан ҳамкорликда кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курсларини ташкил этиш устувор вазифалардан бири сифатида белгилангани таъкидланди.
[gallery-28914]
Шундан келиб чиқиб, Академия халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ҳозирги вақтда Академия ЕХҲТ, БМТ Тараққиёт дастури, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ), Германия ҳуқуқий ҳамкорлик халқаро жамғармаси (IRZ), ЮНИСЕФ, ЮНЕСКО, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA), Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TIKA) ва Халқаро юристлар комиссияси каби нуфузли ташкилотлар билан йирик грант ва лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Шунингдек, 20 га яқин хорижий давлатнинг судьяларни тайёрлаш муассасалари билан яқин ҳамкорлик ўрнатилган.
Бугун ўз ишини бошлаган халқаро ўқув курси Академия тарихида алоҳида аҳамиятга эга. Зеро, илк бор хорижий давлатлар суд-ҳуқуқ тизими вакилларини ўқитишга қаратилган бундай форматдаги халқаро ўқув дастури йўлга қўйилди. Унда Озарбайжон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркиянинг тегишли судьялар тайёрлаш муассасалари вакиллари, халқаро экспертлар ҳамда мамлакатимиз судьялари иштирок этмоқда.
Тадбирни Судьялар олий кенгаши раиси Х. Ёдгоров кириш сўзи билан очиб, суд тизимини рақамлаштириш ва замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этишнинг муҳимлигига тўхталди. Судьялар малакасини халқаро стандартлар асосида ошириш ҳамда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш бугунги куннинг устувор вазифаси экани қайд этилди.
Мазкур ўқув курси суд тизимида рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш ҳамда инсон ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишга қаратилган долзарб билим ва кўникмаларни шакллантиришга хизмат қилади. Ўқув дастури доирасида халқаро ҳуқуқ стандартлари, коррупцияга қарши курашиш механизмлари, рақамли криминалистика, кибержиноятчиликнинг олдини олиш ва рақамли далиллар билан ишлашнинг замонавий усуллари муҳокама қилиниши режалаштирилган.
Н. АБДУРАИМОВА,
Ф. АБДУРАСУЛОВ (сурат),
ЎзА