Марказий банкда тижорат банклари Гендер тенглик кенгашлари учун семинар ўтказмоқда
2026 йил 22–24 апрель кунлари Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан Осиё тараққиёт банки (ОТБ) билан ҳамкорликда тижорат банклари Гендер тенглик кенгашлари учун семинар ташкил этилмоқда.
“Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасида бўлиб ўтаётган тадбирдан кўзланган асосий мақсад — банк тизимида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашга қаратилган институционал механизмларни мустаҳкамлашдир. Шунингдек, тижорат банкларидаги Гендер тенглик кенгашлари иш самарадорлигини ошириш ва соҳага гендер тенглик тамойилларини изчил жорий этиш масалалари диққат марказида бўлди.
Семинарда Марказий банк, тижорат банклари, тегишли вазирлик ва идоралар, халқаро ташкилотлар ҳамда ривожланиш бўйича ҳамкор тузилмалар вакиллари иштирок этмоқда.
Анжуман давомида банк-молия тизимида гендер тенгликни таъминлашнинг замонавий ёндашувлари, кенгашлар фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий ва услубий асосларини такомиллаштириш ҳамда уларнинг институционал бошқарувдаги ролини кучайтириш масалалари муҳокама қилинмоқда.
[gallery-28915]
Хусусан, иш жойларида тенг имкониятлар яратиш, хотин-қизларнинг касбий ва раҳбарлик салоҳиятини ривожлантириш, меҳнат муҳитини яхшилаш ҳамда гендер кўрсаткичларини мониторинг қилишнинг замонавий усулларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидланганидек, Марказий банк молия секторида инклюзив бошқарув амалиётларини жорий этишни қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ишларни амалга ошириб келмоқда. Мазкур семинар ҳам банк тизимида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга, адолатли меҳнат муҳити ва барқарор институционал ривожланишни таъминлашга хизмат қилади.
Марказий банк ушбу йўналишда Осиё тараққиёт банки билан йўлга қўйилган ҳамкорликни юқори баҳолайди. Бу каби қўшма лойиҳалар хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш ҳамда банк секторида аёллар лидерлигини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
ЎзА