ОЧЛ: «Нефтчи» ўз уйида, «Пахтакор» сафарда ўйнайди
Бугун, 23 ноябрь куни Элит Осиё чемпионлар лигасининг 5-туридан ўрин олган учрашувларда Ўзбекистоннинг икки вакили — Фарғонанинг «Нефтчи» ҳамда Тошкентнинг «Пахтакор» жамоалари майдонга чиқади.
Дастлаб, соат 18:45 да Фарғонадаги «Истиқлол» стадионида «Нефтчи» Саудия Арабистонининг «Ал-Ҳилол» клубини қабул қилади. Учрашувни қувайтлик Абдуллоҳ Жамол бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси бошқариб боради. Унга Сауд ал-Шемали ва Али Жроқ қанотларда ёрдам беради. ВАР ҳаками вазифасини Абдуллоҳ Араб бажаради.
Учрашув олдидан икки жамоа вакиллари иштирокида ташкилий йиғилиш бўлиб ўтди. Унда беллашувга оид масалалар муҳокама қилиниб, жамоаларнинг либослари ҳам келишиб олинди. Қарорга кўра, «Нефтчи» анъанавий сариқ-қора, меҳмонлар эса оқ рангли либосларда майдонга тушади.

Шунингдек, бугун соат 23:15 да Жидда шаҳридаги «Қирол Абдуллоҳ Спортс Сити» стадионида «Пахтакор» Саудия Арабистонининг «Ал-Иттиҳод» жамоасига қарши баҳс олиб боради. Мазкур тўқнашувни БАА вакили Умар Муҳаммад Ал-Али бош қаради. Унга қанотларда Муҳаммад Ал-Ҳаммади ва Жосим Ал-Али ёрдам беради. ВАР ҳаками этиб Муҳаммад Убайд Ходим тайинланган. Тошкент клуби баҳсда оқ рангли либосларда ўйнаши маълум қилинди.
Маълумот учун, 5-тур учрашувлари олдидан Ғарбий минтақа турнир жадвалида «Ал-Ҳилол» 9 очко билан иккинчи ўринда бормоқда. «Нефтчи» ва «Ал-Иттиҳод» 4 очко билан 9-10 ўринларда бормоқда. «Пахтакор» эса 2 очко билан 14-ўринни эгаллаб турибди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА